Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эрдоған Покистонни қўллаб-қувватлашини билдирди
15:57 / 2026-03-04

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Покистон бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф билан телефон орқали мулоқотда терроризмга қарши курашда Анқара Исломободни қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Етакчи сўнгги вақтларда мамлакатда содир этилган терактларни кескин қоралаб, хавфсизликни таъминлаш борасида Туркия ҳамкорликни давом эттиришини билдирди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз - “APP” ёзмоқда.

Эрдоғаннинг таъкидлашича, Туркия ташаббуси билан аввал эришилган Покистон ва Афғонистон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувини қайта тиклашга Анқара ўз ҳиссасини қўшишга тайёр. Шунингдек, у Эронга қарши ҳужумлардан кейин кучайган минтақавий кескинликни юмшатиш учун дипломатик мулоқотларни қайта фаоллаштириш муҳим эканини айтди.

Муҳаммад Шаҳбоз Шариф эса Яқин Шарқдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотир билдириб, Исроилнинг Эронга қилган ҳужумини қоралаган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳужумлар ортидан қатор Форс кўрфази давлатларига ҳам зарбалар берилиши минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Суҳбат давомида етакчилар можарони янада кучайиб кетмаслиги учун барча томонлар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши зарурлигини урғулаган. Шунингдек, улар минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида мунтазам алоқада бўлиб туришга келишиб олган.

Мусулмон Зиё, ЎзА