Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Югославиянинг собиқ Президенти Слободан Милошевич тақдири кутаётганини таъкидлаб, Анқара “Исроилда ядро қуроли борлиги” ҳақидаги факт унутилишга йўл қўймаслигини маълум қилди.
– Биз Исроил ядро қуроли борлигини тан олиши билан боғлиқ муаммо унутилишига йўл қўймаймиз, – деди Туркия етакчиси душанба куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бўйича доимий қўмитага аъзо давлатлар вазирларининг 39-мажлисида сўзга чиқиб. – Нетаньяху нафақат ҳарбий жиноятчи, балки худди Милошевич каби “Ғазо қассоби” сифатида ҳам судланади.
Унинг таъкидлашича, ислом мамлакатлари ҳозирданоқ Ғазони тиклашга тайёргарлик кўришни бошлаши керак.
– Ғазо фаластинликлар ери, фаластинликларга тегишли ва ҳар доим шундай бўлади, – деди у. – Бу ҳудудни ҳимоя қилиш Маккани, Мадинани ва Истанбулни ҳимоя қилиш, дегани. Агар биз кутиб турадиган бўлсак, олов, оғриқ ва йиғи уйимизгача етиб келади.
Милошевич 1990-2000 йилларда Югославия иттифоқи раҳбари бўлган. Унинг бошқаруви даврида мамлакатда Косово мухтор ўлкасини федерация таркибида сақлаб қолиш мақсадида фуқаролар уруши юз берган. Натижада НАТО Югославия ҳудудига зарба беришига тўғри келган.
2001 йил июнда Белград собиқ президентини Гаага трибуналига топширди. Милошевич устидан суд жараёни 2002 йил февралда бошланди. Қамоқда салкам беш йил ўтирган Милошевич 2006 йил 11 мартда миокард инфарктидан вафот этди.