Эрдоған Эронга расмий сафар қилади
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 18-19 июль кунлари расмий ташриф билан Эронда бўлади. Туркия раҳбари Теҳронда Эрон ва Россия Президентлари билан учрашади, деб хабар беради “Anadolu” ахборот агентлиги.
Президент маъмурияти ҳузуридаги Алоқа бўлими хабар беришича, давлат раҳбарининг ташрифи Эрон Президенти Иброҳим Раисий таклифига биноан амалга оширилади.
Туркия - Эрон олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг еттинчи йиғилиши 19 июль куни Теҳронда икки давлат етакчилари раислигида бўлиб ўтади. Кенгаш йиғилишида Туркия-Эрон муносабатининг барча жиҳатлари кўриб чиқилади ва икки томонлама ҳамкорликни яхшилашга қаратилган қадамлар муҳокама қилинади. Бундан ташқари ташриф давомида минтақавий ва халқаро масалалар ҳам диққат марказида бўлади.
19 июль куни Россия, Туркия ва Эрон Президентлари иштирокида еттинчи уч томонлама саммит ўтказилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА