АҚШ сўнгги йилларда Суриядаги курд жангариларига минглаб юк машинасида қурол-яроғ етказиб берди, дея хабар берди “Анадолу” агентлиги Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга таяниб.
“Туркиянинг НАТО бўйича иттифоқчиси сўнгги йилларда Суриядаги террорчилар ҳаракатини қўллаган ҳолда, уларга қурол-яроқ етказиб бераётганидан қайғудамиз”, деди давлат раҳбари.
Президент “Барак Обама даврида бошланган бу ҳаракатни Дональд Трамп давом эттиргани, вазият Жо Байден даврида ҳам ўзгармай қолаётгани”ни таъкидлади.
“Мен Обама, Трамп ва Байден билан суҳбатлар чоғида бу масалани кўтарганман. Биз НАТО иттифоқчиси ва ҳамкоримиз, америкаликлар томонидан Суриядаги террорчиларга кўрсатилаётган ёрдам Туркиянинг жанубий чегарасига хавф туғдиришини англашимиз лозим, деб айтганман”, деди Эрдоған.
Унинг сўзларига кўра, Америка томонининг Анқарага жўяли жавоби йўқ.
“Биз Туркия миллий хавфсизлиги талаб қилганидек ҳаракатланишда давом этамиз, масалага шундай ёндашув ўзгармас. Зеро, позициянинг ҳар қандай ўзгариши мамлакатимиз учун қўшимча муаммо яратади”, дея қўшимча қилди Эрдоған.