Қарор ва ижро
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ер ресурсларидан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мавжуд ер майдонларидан унумли фойдаланиш, маҳсулот ҳажмини ошириш ҳамда экспорт кўрсаткичларини юксалтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бу борада Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ҳам фермер хўжаликлари ва ердан фойдаланувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан дала четлари, каналлар ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида мева кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, мева кўчатлари тагига тўқсонбости усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш, ердан фойдаланиш самарадорлиги оширилмоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими инспекторлари томонидан ҳудудларда доимий мониторинг ўтказилиб, амалга оширилаётган ишлар “Дала назорати” платформасига жойлаштириб борилмоқда. Бу эса ижро интизомини таъминлаш ва белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишига хизмат қилади.
Жорий йил ҳосили учун ҳудуддаги жами икки минг гектар майдонга эртаги картошка экиш режалаштирилган. Шунинг 1600 гектари фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келса, яна 400 гектари деҳқон хўжаликлари томонидан экилмоқда. Бу рақамлар туманда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамжиҳатлик ва тизимли ишларнинг яққол ифодасидир. Айни пайтда картошка экиш учун зарур бўлган уруғлик захираси тўлиқ яратилган.

Аҳолини эрта муддатларда картошка билан таъминлаш мақсадида “Навоий Миришкор” ҳудудида жойлашган “Абдусаттор Агро Омад” фермер хўжалиги томонидан картошка экиш ишлари бошлаб юборилди. Экилган майдонлар пешма-пеш плёнка билан ёпилиб, ҳосилни совуқдан асраш ва барвақт ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, туманнинг барча ҳудудларида ҳам картошка ва бошқа экинларни экиш учун ер майдонлари тайёрлаб қўйилган ҳамда уруғликлар захираси етарли.
Бу ишлар келажакда баракали ҳосил, барқарор таъминот ва деҳқон меҳнатининг самарасини янада оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, мазкур туманда ўтган йил мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилиш борасидаги кўрсаткичлар ҳам юқори бўлди. Бу жараёнда маҳсулот сифати ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилди. Жами 145 минг 351 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун 6 минг 601 та ички фитосанитария сертификати берилди.

Бундай кўрсаткичлар, аввало, маҳсулот етиштириш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнларида ягона тизим шаклланганидан далолат беради. Экспорт ҳажмларининг кескин ўсиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар очиб, ташқи бозорларда миллий маҳсулотларга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.

А.Мусаев, ЎзА.