Бугун амалиётда ижара ҳуқуқи асосида олинган ер участкасини реализация қилиш ёки ҳадя этиш имкониятлари мавжуд. Эндиликда бу борада янада қулайлик яратиш мақсад қилинган. Яъни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ижарага олиш шартномаси бўйича ўзига ижарага берилган икки ёки ундан ортиқ ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши — қисман қайта ижарага бериши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қуйи палата мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳасида айни масалалар назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликда давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Амалиётда айрим ҳолларда давлат фуқаролик хизматига кирган фермерлар номидаги фермер хўжалигини бошқа шахсга ўтказа олмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, қонун бузилиши ҳамда коррупцион ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, фермер хўжалиги раҳбари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига қонунчиликка мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга беришга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилмоқда.

Маълумки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда тадбиркорларнинг ўз товарларини (ишларини, хизматларини) бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда товарлар (ишлар, хизматлар) ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва реализация қилинишига аралашганлик ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси тадбиркорлик, шу жумладан, фермерлик фаолияти эркинлиги кафолатларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА