Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ердан самарали фойдаланиш доимий назоратда
15:09 / 2022-09-13

Ердан мақсадли ва самарали фойдаланишда қонунийликни таъминлаш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик, шу орқали ер ҳисоби ва унинг назоратини аниқ юритиш кадастр агентлигининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида кенг кўламли ишлар олиб борилди.  

Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, фуқаролар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди. Юқоридаги тарғибот ишларида асосан, ерларни асраб авайлаш, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган, суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини ҳамда улардан белгиланган мақсадда, самарали ва оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш, уй-жой ва тегишли кўчмас мулкларни кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан фуқаролар ва тадбиркорларга тегишли тушунчалар берилди.  

Бундан ташқари, ерга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жойларда ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ҳамда уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ўтказилган мониторинг ўрганишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоят бўйича 685 та ҳолатда 124 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди.  
Ердан фойдаланиш бўйича қонун бузилиш ҳолатлари таҳлил этилганда 263 та ҳолатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 97,89 гектар, 411 та ҳолатда аҳоли пунктларидаги 25,78 гектар, 5 та ҳолатда эса саноат, транспорт, алоқа мудофаа ва бошқа мақсадларда фойдаланиладиган 0,03 гектар ер майдонлари ноқонуний жисмоний ва юридик шахслар томонидан эгаллаб олинганлиги маълум бўлди.  

Бундай қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш, қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат қилган фуқаролар ҳамда ваколатли идораларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 151 та ҳолат натижасида ўзбошимчалик билан эгалланган 44,01 гектар ер майдони дастлабки ҳолатига қайтарилди. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган 27,42 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларга 427 та даъво аризалари киритилган. Шундан 220 та ҳолатда 17,8 гектар ер участкаларини қайтариш бўйича киритилган даъво аризалари судлар томонидан қаноатлантирилган.  

Бундан ташқари, маъмурий амалиёт, яъни фуқароларнинг ўзларига тегишли ер майдонларини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш сингари йўналишлар бўйича жорий йилнинг ўтган даврида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган фуқароларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.

Кадастр агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси туман шаҳар бўлимлари томонидан 1905 та ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилган. Жумладан, қўлланилган жарималарнинг аксарияти ер участкалари ҳамда бино–иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатлари бўлиб, ушбу ҳолатда жами 1285 тада ҳуқуқбузарлик аниқланган. 

Умуман олганда, Ер ва кадастр назорати йўналишидаги ҳолатларга эътибор қилинса, асосий ер қонун бузилиш ҳолатлари бу — ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб қурилиш ишлари бажариш эканлиги аён бўлади. Шу ўринда фуқаролар ва тадбиркорлардан ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини вақтида адо этишлари зарурлигини таъкидламоқчиман. Яъни ер участкаси ёки кўчмас мулкка нисбатан тегишли ҳуқуқ пайдо бўлиши билан уни тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат қилишлари ҳамда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик талаб қилинади.  

Мазкур йўналишлар бўйича вилоят ҳудудида ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Аниқланган ҳолатлар юзасидан фуқаролар ўртасида белгиланган тартиблар асосида тушунтириш-тарғибот ишлари йўлга қўйилган.  
 

Я.Ҳабибов,  
Кадастр агентлиги Бухоро 
вилояти бошқармаси бошлиғи 
ЎзА