Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ердан қайта ҳосил олиш уни яроқсиз ҳолатга келтириб қўймайдими?
14:48 / 2022-09-06

Сув ва ҳаво бизга қанчалик зарур бўлса, тупроқ ҳам шунчалар зарур неъмат ҳисобланади. Тупроқ бизни боқади, ризқу-насибамизни беради. Юртимизда ердан йилига 3-4 маротаба ҳосил олиш тадбирлари йўлга қўйилган.

Хўш, бундай амалиётлар тупроқ чарчаб, яроқсиз ҳолатга келиб қолишига сабаб бўлмайдими? Юртимизда яна қанча фойдаланилмай ётган ерлар бор? 


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази бўлим бошлиғи Бахтиёр Эргашев айнан ернинг ҳолатини ўрганувчи мутахассис.  Тупроқ билан боғлиқ саволларимизга жавоб олиш мақсадида Бахтиёр Эргашевни суҳбатга чорладик.

— Ердан йилига уч-тўрт маротаба ҳосил олиш амалиёти юртимизда қандай олиб бориляпти? 

— Президентимизнинг тегишли қарорлари, ундан ташқари йиғилишларда ердан унумли фойдаланиш бўйича жуда кўп топшириқлар берилган. Биз илгари қишлоқ хўжалиги соҳасида ердан йилига бир марта ҳосил олардик. Пахта ёки ғалла олиш билан чегараланиб қолган эдик. Ердан яхши даромад олиш учун дастлаб ноябрь ойларида экиладиган тўқсонбости – сабзи, шолғом, сабзавотлар, кўкатлар, лавлаги экинларини экишимиз лозим бўлади. Бу экинларни қишда совуқ урмайди, қор тагидаям яхши сақланиб баҳор ойларида пишиб, етилиб тайёр маҳсулот бўлиб чиқади. Тўқсонбости экинлар эрта баҳорда йиғиб-териб олинади. Улар йиғиб олингач, эртаки экинлар экилиши бошланади. Эртаки сабзи, помидор, бодринг, картошкалар кўкатлар ҳисобланади. Бу экинлар июнь ойларига бориб тайёр бўлади. Ҳосилни йиғиштириб олгач, ерни яна бўш қўймасдан кечки экинлар экилади.  

—  Қайта-қайта ҳосил олиш натижасида ер чарчаб қолмайдими? 

— Агар ерни парваришлаш агротехникасидан тўғри фойдаланилса,  чарчаб қолмайди. Тупроқ таркибини бузиб қўймаслик учун агротехник тадбирларни вақтида ўтказиш лозим. Бунинг  учун нималар қилиш керак?  Ерга фақат кимёвий ўғитлар эмас, маҳаллий ўғитлар солиб парваришлаш лозим. Маҳаллий ўғит бериладиган бўлса, ер янада кучайиб, озуқа олиб, янгидан ҳосил беришга тайёр бўлиб етилади. Ерни эрозияга учрамаслиги, шўрланиш даражаси ошиб кетмаслиги учун қатор деҳқончилик ишлари бор. Шулар вақтида амалга ошириладиган бўлса, ҳеч қачон еримиз чарчаб қолмайди ва кўнгилдагидек ҳосил оламиз. 

— Статистикага кўра, фойдаланилмаётган ерлар қайси худудларда кўпроқ? 

— Фойдаланилмаётган ерлар статистикаси республикамиз бўйича мавжуд. Ҳамма худудда фойдаланилмаётган ерлар ҳар хил. Булар асосан чўл зоналари ҳисобланади. Навоий, Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистонда чўл зоналари жуда кўп. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 492 минг гектар ер бўлса, шунинг бор йўғи 64 минг гектари лалмикол ерлар. 2 минг гектар ғалла, 2 минг гектар пахта, 2 минг гектар ерда сабзавотчилик экинлари экилади. Қолган қисми, яъни 420 минг гектари яйловлар, чўл зоналари, фойдаланилмаётган ерлар ҳисобланади. Ҳар битта туман ва вилоятда статистикаси мавжуд. Бугун мана шундай ерларни ўзлаштириш бўйича таклифлар бериляпти.  

— Яроқсиз ерларни қайта унумдор ҳолга келтириб бўладими? 

— Албатта. Ҳозир юртимизда жуда кўплаб фойдаланишдан чиқиб қолган ерлар бор. Булар йиллар давомида агротехник тадбирлар қилинмагани, ерни парваришлаш талаб даражасида бажарилмагани оқибатида шўрланиши ошиб кетган. Ёки мутлақо экин экилмаслиги натижасида яйловга айланиб, ёввойи ўтлар билан қопланиб, унумдорлигини йўқотган. Ер унумдорлигини ошириш борасида ҳам қатор қарорлар қабул қилинди. Жуда кўплаб топшириқлар бўлди, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Чора-тадбирлар натижасида юртимизда захира ерлар ҳисобига еримизни кенгайтириш имкониятлари яратилди.

 

ЎзА мухбири  
Нигора Раҳмонова  
суҳбатлашди