Қонун ва ижро
Ердан мақсадсиз фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талабларига зид ҳисобланади ва фуқаролар учун кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Хусусан, суд қарори асосида ердан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши, ер эгасига нисбатан маъмурий ёки фуқаролик жавобгарлиги қўлланилиши каби чоралар кўрилади.
Қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерда эса ноқонуний тураржой қурилиши ҳам мақсадсиз фойдаланиш бўлиб, ушбу объектлар бузилиш хавфи остида қолади. Шу сабабли жойларда аҳоли билан учрашувлар, сайёр қабулларда мутахассислар томонидан мунтазам равишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш тарғибот қилинмоқда. Бироқ шунга қарамай қонунбузарлик ҳолатлари учрамоқда.

Жумладан, Кадастр агентлигининг Тошкент вилоят бошқармаси Ер ва кадастр назорати шуъбаси томонидан Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ер майдонидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолати аниқланди.
Унга кўра, туманнинг “Соф оқ олтин” массивидаги давлат захира ерлари таркибидан фуқаро В.К. оилавий корхонасига 2019 йил 29 январдаги ҳоким қарорига асосан қишлоқ хўжалиги харитасининг 245, 246 ва 247-контурларидан жами 4,33 гектар ер майдони қуёнчилик йўналишида фойдаланиш учун 30 йил муддатга ижара асосида ажратилган. Ўтказилган ўрганишлар ва жойига чиқиб кўздан кечириш ишлари натижасида ижарага берилган ҳудуднинг 245 ҳамда 247-контурларида жойлашган жами 2,38 гектар суғориладиган экин ер майдонида белгиланган мақсадга зид равишда ўзбошимчалик билан сунъий балиқчилик хўжалиги ташкил этилгани аниқланди.
Мутахассислар томонидан ер майдонининг ҳолати, фойдаланиш тартиби ва ҳуқуқий асослари батафсил ўрганилиб, аниқланган қонунбузарлик ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шунингдек, Янгийўл туманида ҳам ўтказилган назорат тадбири давомида ер қонунчилиги талаблари бузилгани маълум бўлди. Ўрганишлар давомида Тошкент давлат ўрмон хўжалигига тегишли бўлган, Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган жами 8,3 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида сунъий “балиқ кўли” ташкил этилган. Жумладан, мазкур ерларнинг 4,5 гектар қисмидан “А.Ф.” МЧЖ, 3,8 гектар қисмидан эса “Т.Ф.” МЧЖ томонидан фойдаланиб келинаётган эди.
Амалдаги ер қонунчилигига мувофиқ, суғориладиган ерлар алоҳида муҳофаза қилинадиган ерлар тоифасига киради ҳамда улардан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришдан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, бундай ерларнинг мелиоратив ҳолати ва тупроқ унумдорлигининг пасайишига олиб келувчи ҳар қандай фаолият тақиқланади. Аниқланган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Кадастр агентлиги ўртасида 2022 йил 25 мартда тасдиқланган қўшма тартибга асосан тўпланган материаллар қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилоят бошқармалари масъуллари жойларда ўтказилаётган тадбирларда юқоридаги ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўряпти. Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи Ж.Аҳроров бошчилигида Паркент туманида сайёр қабул ўтказилди. Унда кўрилган асосий масалалар аукцион, кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга доир мурожаатлар бўлиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Шунингдек, қабулга йиғилганларга 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, ижроси бўйича тушунчалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА