Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Erasmus+ лойиҳалари танловига бағишланган ахборот куни ташкил этилди.
Унда Erasmus+ дастури лойиҳалари вакиллари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Ташқи ишлар, Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари мутасаддилари билан биргаликда олий таълим бўйича миллий экспертлар гуруҳи аъзолари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамда Франция, Латвия, Венгрия, Чехия элчихоналари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Таълим инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев Erasmus+ дастурининг олий таълим тизимини такомиллаштиришдаги аҳамияти, шунингдек, келгусидаги Erasmus+ кўмаги билан амалга оширилиши кутиладиган долзарб вазифалар ҳақида маълумот берди.
– Ўтган 4 йил Ўзбекистон олий таълим тизими учун туб ўзгаришлар ва олий таълим сифатини ошириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинган даврга айланди. Мазкур жараёнда олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан келиб чиқиб, таълим, илм-фан ва инновациялар ўртасидаги интеграцияни таъминловчи «университет 3.0» концепциясини жорий этишда Erasmus+ дастури имкониятларидан фойдаланиш катта самара бермоқда. Бу эса ушбу тизимнинг инвестицион жозибадорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга, - дейди У.Ташкенбаев.

- Асосий мақсадимиз юртимизда таълим сифатини юқори босқичга кўтариш орқали таълим тизимининг жозибадорлигини ошириш, халқаро таълим ҳамжамияти билан интеграцияни таъминлашдир.
Бу борада эса ушбу стратегик мақсадларимиз Erasmus+ дастури ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига умид қиламиз.

Шунингдек, тадбир давомида Таълим инспекцияси бошлиғи томонидан мамлакатимизда олий таълим тизими янада такомиллаштириш ҳамда Европа Иттифоқи, хусусан, Erasmus+ дастури билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича лойиҳаларда ҳукумат органларининг иштирокини қўллаб-қувватлаш орқали стратегик йўналишдаги мамлакат таълим тизими учун долзарб вазифалар ҳал қилиниши, ҳамкорлик натижаларини кенг миқёсида татбиқ этилишига алоҳида урғу бериш, Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларини SciVal халқаро ҳамкорлик платформасига обуна бўлишида қўллаб-қувватлаш каби таклифларни билдирди.
Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар, хусусан, Финляндиянинг нуфузли таълим муассасалари ва идоралари билан ҳамкорликда ўзбекистонлик ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган семинарлар, тренинглар ва қўшма тадбирлар ташкил этилишини таъминлаш, нуфузли Европа экспертлари ва профессорларни жалб этган ҳолда Миллий ўқув дастурларини такомиллаштириш ва экспертизадан ўтказишни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий экспертларнинг нуфузли ЕИ таълим ташкилотларида тажриба ва малака оширишини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Қайд этиш лозимки, Европа Иттифоқининг энг муваффақиятли ва узоқ муддатли дастури сифатида эътироф этилган Erasmus+ дастури таълим, ўқитиш, спорт ва ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида лойиҳалар, ҳамкорлик алоқалари, турли йўналишда ўтказиладиган тадбирлар ҳамда мобилликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг март ойида дастурнинг 2021-2027 йиллар учун мўлжалланган янги босқичи фаолият бошлади. Мазкур босқичнинг умумий бюджети 26,2 миллиард еврони ташкил этиб, бу 2014-2020 йиллар учун ажратилган маблағга нисбатан 11,5 миллиардга кўпдир.

Файзулло Яҳёев, ЎзА