French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер юзининг сайқали билан танишиш имконияти
19:33 / 2023-08-24

Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида “Ер юзининг сайқали” номли кўргазма очилди.

Музей ходимлари, олимлар, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мазкур кўргазма ўзбек халқи ва давлатчилик тарихи, биринчи ва иккинчи ренессанс даври, буюк алломалар ҳаёти ва фаолияти, унда Самарқанднинг юксак сиёсий ва маданий ўрни ва аҳамиятига қаратилганини таъкидланди.  

– Зарафшон воҳаси ҳудудидан топилган тарихий ашёлар, ноёб топилмалар ана шу буюк тарихдан дарак бериб турибди, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори Хўжақул Муҳаммадиев. – Бугун соҳага эътибор ошди. Нуфузли халқаро кўргазмаларда иштирок этяпмиз, ривожланган мамлакатлар билан музейшуносликдаги ҳамкорлик кучайди. Бу юртимиз, хусусан, Самарқанд тарихини жаҳон халқларига танитишда муҳим ўринга эга. Кўргазма даврий тартибда ташкил қилинган бўлиб, унда бронза ва илк темир даврида Самарқанд тарихидаги сиёсий, маданий жараёнлар, бу қадимий кентнинг Буюк ипак йўлидаги мавқейи, савдо йўлларида суғд тилининг аҳамияти, ўрта асрларда сопол, тош, металл ва шишадан ишлаб чиқарилган нодир буюмларнинг намуналари ўрин олган.  

Шунингдек, биринчи ренессансда Самарқандда тараққий этган илм-фан ва маданиятнинг Мовароуннаҳр ривожига таъсири ҳамда Самарқанд тарихини ўрганиш билан боғлиқ археологик ва этнографик экспедицияларда топилган ашёлар тарих ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинмоқда.  

Кўргазмада Соҳибқирон Амир Темурнинг Самарқандни илм-фан ва маданият марказига айлантириши, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси музей ашёлари, миниатюралар ва тасвирий санъат асарларида намойиш этилмоқда. Шунингдек, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи каби алломаларнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва маданий мероси ҳам ўрин олган.  

Кўргазма жорий йилнинг октябрь ойига қадар давом этади.  

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА35