Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер – халқ мулки, уни асраш барчамизнинг бурчимиз
19:02 / 2025-11-03

Юртимизда ерга оид муносабатларда шаффофликни таъминлаш, адолат мезонларини мустаҳкамлаш ва коррупция иллатини батамом бартараф этиш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир қарор, ташаббус халқ манфаатига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 18 сентябрдаги “Ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада янги даврни бошлаб берди.  

Қарорда биринчи навбатда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларини мақсадсиз ишлатиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш бўйича кескин чоралар белгиланди.

– Энди ҳар бир қарич ернинг ҳақиқий эгаси – халқ бўлади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи Адҳам Маҳмудов. – Ерга нисбатан масъулиятли муносабат, унумдорликни ошириш ва ҳар бир гектардан фойда олиш бу барчамизнинг вазифамиздир.

Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни рақамлаштириш ва автоматлаштириш. Бу жараёнда марказий ўринни “E-YER NAZORAT” ахборот тизими эгаллайди.

Эндиликда ер қонунчилиги бузилиши ҳолатлари космик мониторинг ва аэрофотосуратлар орқали аниқланади. Барча маълумотлар онлайн тарзда қайд этилиб, “E-YER NAZORAT” орқали тўғридан-тўғри “Ўзагроинспекция”га юборилади.

Ушбу тизим инсон омилини кескин камайтиради, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олади ва қарор қабул қилиш жараёнини автоматлаштиради.

Инспекция фаолияти тўлиқ рақамли асосда ташкил этилади. Космик кузатув, дронлар, планшетли назорат ҳамда QR-код орқали ҳужжатлаштириш амалиёти жорий этилади. Қоғозбозликка барҳам берилади.

Қарорга мувофиқ, “Ўзагроинспекция” қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш, уларни ноқонуний эгаллаш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда етакчи назорат органи сифатида белгиланди.

Энди ерга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда инспекцияга етиб боради ва тегишли чоралар фақат рақамли тизим орқали амалга оширилади.

Бу эса тизимда шаффофликни, ҳисобдорликни ва тезкорликни таъминлайди. Энг муҳими, ҳар бир фермер ва деҳқон ўз ишини тинч, қонуний ҳамда адолатли шароитда олиб бориши учун кафолат яратади.

Янги механизмда жамоатчилик назоратига ҳам катта ўрин берилган. Ҳар бир фуқаро ноқонуний қурилиш, ерни талон-торож қилиш ёки қонунбузилиши ҳолатлари ҳақида хабар бериши мумкин бўлади.

Қабул қилинган ушбу қарор халқимизнинг ерга бўлган ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, соҳага интизом ва шаффофлик олиб кириш, энг муҳими. коррупция иллатига қарши курашда янги босқични бошлаб беради.

Нилуфар Бозорова, ЎзА