Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер ва кадастр соҳасида қонунбузарликлар очиқланди
12:36 / 2026-01-28

Ер — умуммиллий бойлик. Уни муҳофаза қилиш фақат жазо чоралари билан эмас, балки эрта огоҳлантириш, очиқлик ва жавобгарликни ошириш орқали самара беради. Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда ўтказилган видеоселектор йиғилишлари ва чиқишларида ер муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилишларга нисбатан мутлақ муросасиз муносабатда бўлишни қатъий талаб сифатида белгилаб келмоқда.

Боёвут тумани Кадастр агентлиги бўлими томонидан ўтказилган матбуот анжуманида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари, ер ва кадастр соҳасига оид қонун ҳужжатлари ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида туман ҳудудида ўтказилган хатлов ва назорат тадбирлари натижасида ер ва кадастр соҳасида жами 353 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Уларнинг 266 таси ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, 81 таси ноқонуний қурилиш ишлари, 12 таси мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳамда 4 таси кадастр юритиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ.

Хусусан, Боёвут туманининг Қаропчи, Янги Обод, А.Навоий, Дўстлик, Бекат, Янги Бўстон, Маданият ва Маънавият маҳаллаларида ўтказилган хатлов ишлари давомида мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича белгиланган тартибда чоралар кўрилгани қайд этилди.

Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан қонуний чоралар кўрилди. Жумладан, ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширган 62 нафар фуқаро бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Натижада 53 та даъво аризаси қаноатлантирилди, қолган 9 та ҳолатда эса фуқаролар томонидан камчиликлар бартараф этилгани сабабли иш юритиш тугатилди.

Бундан ташқари, ерлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида 30 дан ортиқ ҳолатда ер майдонларидан самарасиз фойдаланиш аниқланди. Натижада 14 гектардан ортиқ ер майдонлари давлат захирасига қайтарилиб, очиқ аукцион савдоларига чиқарилди. Бу эса ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида ижро интизоми ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, жорий йил давомида бўлимга келиб тушган 40 та мурожаат белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилган.

Тадбирда сўз олган туман Кадастр агентлиги бўлими раҳбари Жамшид Отамуродов Боёвутда ер ва кадастр соҳасида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, Президент белгилаб берган талаблар ҳамда Ер кодекси нормалари ижросини тўлиқ ва изчил таъминлаш ҳали ҳам долзарб вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу жараён фақат жазо чоралари билан эмас, балки эрта профилактика, доимий назорат, очиқлик ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш орқали самара беради.

Анжуман якунида мутасаддилар ер ва кадастр соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни янада кучайтириш ишлари изчил давом эттирилишини маълум қилдилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири