Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов иштирокида ер ва кадастр назорати йўналишида ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида республика бўйича ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаш билан боғлиқ 18 минг 597 та ҳолат аниқланган. Аниқланган ер қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва уларга нисбатан чоралар кўриш мақсадида агентлик органлари томонидан 18 минг 389 та ер қонун бузилишини содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, шундан 9 минг 927 таси фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Ер қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан судларга киритилган даъво аризаларига асосан 4 минг 583 та ҳолатда суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди, бошқа ҳолатлар бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Шунингдек, расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун 1 минг 644 та ҳолатда прокуратура органларига ҳамда 3 минг 850 та ҳолатда мажбурий ижро бюросига юборилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2 минг 135 та ҳолатда ерлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Ер ва кадастр назоратини автоматлаштириш, коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашдан бартараф этилгунга қадар мониторингини юритувчи “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими амалиётга жорий этилиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА