Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаш билан боғлиқ 15 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди
13:11 / 2025-05-30

Кадастр агентлиги томонидан 2025 йил 1 май ҳолатига республика бўйича ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаш билан боғлиқ 15 минг 826 та ёки 872,9 гектар ҳолат аниқланди.

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Кадастр агентлиги матбуот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов маълум қилди. 

Қайд этилишича, Агентлик органлари томонидан берилган ёзма кўрсатмалар асосида 10 минг 41 та ҳолатда 447,1 гектар майдондаги қонунбузилишларнинг ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди. 

Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган майдонларни қайтариш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ҳақида судларга 2 минг 814 та даъво аризалари киритилди. Ерга оид қонун бузилиши ҳолатлари ҳар доим ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлмайди. Шундай ҳолатлар борки, уларда ер билан боғлиқ жиноят аломатлари кузатилади. 

Мисол учун, суғориладиган ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда қурилиш қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган (ЖК 2291-моддаси, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин). Ёки суғориладиган ерни сотиш ёки уни қонунга хилоф тарзда ўзгага бериш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган. Агар, ушбу ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилади (ЖК 2296-моддаси). 

Юқоридаги каби ерга оид қонун бузилиши ҳолатларида жиноят аломатлари кузатилган 384 та иш ҳужжатлари ўрнатилган тартибда прокуратура органларига юборилди. 

Қайд этилишича, олиб борилган назорат тадбирларида 11 минг 873 нафар шахсга маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари бор, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари бор. Бу иккала тушунчани бир-биридан фарқлаб олиш керак. 

Яна бир маълумот, жорий йилда республика бўйича ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 2 минг 392 та (5 830,2 гектар) ҳолат аниқланиб, 2 минг 389 та (5 830,1 гектар) ҳолат юзасидан ҳокимликларга тақдимномалар киритилди, 3 та ҳолатда ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш юзасидан судларга мурожаат қилинди. 

Натижада, 5 минг 318,8 гектар мақсадсиз фойдаланилган ерлар захирага қайтарилиши таъминланди. 

Жорий йилнинг 1 май ҳолатига ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаган 9 минг 292 та ҳолат фуқаролар томонидан белгиланган муддатда ихтиёрий бартараф этилганлиги сабабли, фуқаролар жами 104,5 млрд. сўмдан ортиқ маъмурий жаримадан озод этилди. 

Ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида ЎРҚ-937 Қонун доирасида хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Қонунга кўра 2018 йил 1 майга қадар ҳуқуқий ҳужжатсиз (ёки ҳужжатдан ортиқча) ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, якка тартибда қурилган турар жойларга эгалик ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

Мазкур Қонунда белгиланган, яъни 2018 йил 1 майдан кейин ҳуқуқий ҳужжатсиз, ўзбошимча қурилган қурилмалар бўйича Кадастр агентлиги томонидан Давлат ер ва кадастр назорати тадбирлари олиб борилмоқда. Яъни 2018 йил 1 майдан кейин қурилган қурилмалар “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик маълумотлар ёрдамида аниқланади ва кўриб чиқиш учун Кадастр агентлигининг “Ер-ер назорат” тизимига юборилади. 

Ш.Маматуропова, ЎзА