Бугунги кунда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туман филиаллари томонидан кадастр йўналишида аҳоли манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш каби 10 дан ортиқ турдаги соҳага оид хизматларнинг ўз вақтида, сифатли ва шаффоф тарзда кўрсатилиши таъминланмоқда.

Амалга оширилган ишлар юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳромжон Абдумаликов қуйидагиларни маълум қилди.
– Ўтган йилда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиалларига кўчмас мулк объекти учун кадастр паспортини тайёрлаш бўйича жами 152 943 та ариза келиб тушган. Шундан 113 590 та ариза ижобий якунланиб, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ер участкалари ва кўчмас мулкларга кадастр паспортлари шакллантириб берилган. Энг кўп тайёрланган кадастр паспортлари Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Юнусобод ва Сергели туманлари ҳиссасига тўғри келган.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича жами 225 932 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 170 109 таси ижобий ҳал бўлган.
Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича келиб тушган 13 877 та аризадан 8 331 таси ижобий якунланган, 4 558 тасига ордер шакллантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 282-сонли қарорига асосан Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиш учун 2025 йилда жами 2 586 та ер майдонлари ваколатли ташкилотлар билан келишиш мақсадида “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган.
Шундан 434 та ер участкаларига ижобий хулоса берилиб, электрон-онлайн аукцион савдога чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, кадастр соҳасидаги барча хизматлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) портали орқали қулай ва очиқ тарзда кўрсатилади. Шу боис кадастр идораларига бевосита бориш талаб этилмайди.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтамиз. Баъзан фуқаролар томонидан ариза топшириш жараёнида айрим хатоларга йўл қўйилмоқда. Масалан, тўлиқ маълумотлар киритилмаслиги, керакли ҳужжатлар илова қилинмаслиги, ҳужжатлардаги номувофиқлик, яроқсиз ёки муддати ўтган ҳужжатлар, ариза мазмунида аниқ бўлмаган маълумотлар келтирилиши, онлайн аризалардаги техник хатолар, хизмат турининг нотўғри танланиши ва бошқалар. Бу каби камчиликлар ўз навбатида ҳужжатларни қайта топшириш ҳамда вақт йўқотилишига сабаб бўлади.
Маълумотларни тўлиқ ва аниқ тақдим этиш, тартиб-қоидаларга риоя қилиш – мулк эгаси сифатида сизнинг ҳам вақтингизни, ҳам нақдингизни тежайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА