O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун асосида минглаб фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари қонунийлаштирилмоқда.
Аммо шунга қарамай, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган биноларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ҳанузгача кўплаб фуқаролар учун оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда. Амалдаги тартиб-таомилларнинг мураккаблиги, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларининг чўзилиши ҳамда идоралар ўртасидаги мувофиқлашув етишмаслиги фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қиляпти.
Шу боис, ҳуқуқларни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган айрим механизмларни соддалаштириш мақсадида ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, солиқ қарздорлиги билан боғлиқ тушунчаларни аниқлаштириш ҳамда ер участкасига ижара ҳуқуқи учун бир марталик тўловни бўлиб-бўлиб амалга ошириш имконияти яратилмоқда.
[gallery-27446]
Мазкур қонун лойиҳаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган биноларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини янада тезлаштиришга хизмат қилади. Энг муҳими, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулкка бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали аҳоли турмуш сифатини яхшилашга замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА