Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига кўра, табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Жумладан, ердан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса, ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса, етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари, мансабдор шахсларга эса, тўрт юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.
Тошкент шаҳар Сергели туманида фуқаро Т.Ж. мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Шу сабабли, Сергели тумани кадастр идорасининг қарорига асосан, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдалангани сабабли унга 26,2 миллион сўмдан зиёдроқ маъмурий жарима солинган.
Мазкур ишга оид ижро ҳужжати бўйича “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун асосида иш олиб борилган. 5 кунлик муддатда жарима тўланмаса, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиши тушунтирилган.
Огоҳлантиришга қарамай, фуқаро қонун талабини бажармаган. Шундан кейин мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди, яъни қарздорлик жавобгарнинг маблағи, мол-мулкига қаратилди.
Натижада давлат фойдасига белгиланган маъмурий жарима тўлиқ ундирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ижро ҳужжатига кўра, қарздор фуқаро К.Х.дан Миробод тумани солиқ инспекцияси фойдасига 32 миллион сўмдан зиёд солиқ қарзлари ундирилди.
Бу ҳолатда қарздорга қарз суммаларини ундириш учун 5 кунлик ихтиёрий муддат берилди. Қарздорлик қопланмаган тақдирда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиши тушунтирилди.
Қонун талабини бажармасликнинг оқибатини тушунган қарздор ижро ҳаракатлари давомида қарзларини тўлашга мажбур бўлди.
Н.Абдураимова,
ЎзА