Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиблари белгиланмоқда
18:35 / 2022-01-31

Жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

Ушбу тартиблар 6 боб, 42 моддадан иборат «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган мазкур қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин мунозараларига сабаб бўлди.

Қонун лойиҳаси жисмоний ва юридик шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, шунингдек, давлат органлари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг доимий фойдаланишида бўлган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонун лойиҳасининг 4-моддасида қайси мақсадларда ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш ҳолатлари жамоат эҳтиёжлари ҳисобланиши санаб ўтилган. Унга кўра, мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерлар бериш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш, фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш, республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари, давлат инвестиция дастурларида белгиланган давлат таълим, тиббиёт, маданият ва тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш муассасаларининг бино ва иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш каби бир қатор мақсадлар белгилаб қўйилган. Ер участкаларини ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилиши эса жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, деб талқин этиш тақиқланади.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйилиши, компенсация, келишув, ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаси масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар берди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА