Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ер участкаларини онлайн-аукцион орқали реализация қилиш ва кадастр соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-тамоилларини такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида жойлашган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришда ушбу саноат ва тадбиркорлик зоналари дирекциялари буюртмачи ҳисобланади.
Олис ва чўл ҳудудларда ташкил этиладиган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари қарорларига асосан тасдиқланади ва улар томонидан, заруратга кўра, тасдиқланган рўйхатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.
2025 йил 5 сентябрдан бошлаб, олис ва чўл ҳудудларда жойлашган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги бўш ер участкалари “1 сўм” харид қийматида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
“Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида алоҳида “олис ва чўл ҳудудларда жойлашган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги бўш ер участкалари” бўлими яратилади.
Мазкур қарорга кўра, кўп квартирали турар жойлар қуриш мақсадида аукцион савдосида сотилган ер участкаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга икки ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга уч ойлик муддат берилади.
Шунингдек, қарорда ер участкасида барпо этиладиган объектни фойдаланишга топшириш муддати, кўп квартирали турар жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертаси талаблари бажарилмаганда, ер участкаси белгиланган тартибда қайтариб олиниши ва такроран аукцион савдоларига чиқарилиши ҳам кўрсатиб ўтилган.
Электрон онлайн-аукцион савдоларида реализация қилинган ер участкаларида қурилиш ишларини бошлаб, фойдаланишга топширилгунга қадар бўлган жараёнларнинг барча босқичларини “Онлайн маҳалла” электрон платформасида мониторинг қилиш тизими жорий этилади.
ЎзА