Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукцион орқали ижарага олган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни ижара муддатидан кўп бўлмаган муддатга бошқа шахсга ўтказишини (қайта ижарага беришини) назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-илованинг 1.1-банди тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ижарага берувчининг розилигисиз гаров қоидаларига асосан гаровга қўйиш ҳуқуқи мавжуд/мавжуд эмас, бироқ ер участкалари олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномаларининг объекти бўла олмайди. Жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукцион орқали ижарага олган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни ижара муддатидан кўп бўлмаган муддатга бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин”.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентининг 5-бандида “(сотиб олингандан)” сўзлари “(қайта сотиб олингандан)” сўзлари билан алмаштирилади.
ЎзА