Бухоро вилоятида ер савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Натижада фуқаро Ҳ.Р. фуқаро Р.га Шофиркон тумани, “Тезгузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида томорқа хўжалиги учун ажратилган 16 сотих ер майдонини бошқа бир фуқаро Н.га танишлари орқали уй-жой қуриш учун расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Х.Ж. бошқа бир фуқаро Ж.нинг ишончига кириб, унга Бухоро шаҳри, “Алпомиш” кўчасида жойлашган 10 сотих бўш ер майдонини уй-жой қуриш учун унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА