Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 апрелда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Қарорда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати, сув таъминотини яхшилаш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланган.
Қарор ижросини таъминлаш борасида Сирдарё вилоятида ҳам 2023 йил ҳосили учун ер тайёрлаш, шўр ювиш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятнинг кластерлар ва илғор фермер хўжалиги далаларида мунтазам кўргазмали амалий семинарлар бўлиб ўтмоқда. Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят мелиоратив экспедицияси бошқармалари раҳбар ходимлари, ҳоким ўринбосарлари, кластерлар, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этмоқда.

– Вилоятда суғориладиган экин майдонларининг қарийб барчаси турли даражада шўрланганлиги ва келгуси 2023 йилда кутилиши мумкин бўлган сув танқислигини, шўр ювилган майдонларда 1 марта суғоришга сарфланадиган сувнинг иқтисод қилинишини инобатга олиб, куз-қиш мавсумида 2023 йил ҳосили учун 71 717 гектар майдонда шўр ювиш ишларини олиб бориш режалаштирилган, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ўрозали Ҳайитов. – 2023 йил ҳосили учун шўр ювиш режалаштирилган майдоннинг 46 693 гектари кам шўрланган, 20 770 гектари ўрта шўрланган, 4254 гектари кучли шўрланган майдонлардир.

Шўр ювиладиган майдоннинг 47 545 гектарида пол билан шўр ювиш, 24 172 гектарида жўяк билан шўр ювиш амалиёти қўлланилади.
Ер тайёрлаш ишларига жорий йил ноябрь ойининг III ўн кунлигида киришилган бўлиб, ишлар якунланмоқда. Бунга вилоят бўйича 192 дона ер текислаш жиҳози, 113 дона пол олиш, 95 дона жўяк олиш мосламаси жалб этилган.

– Шўр ювиш пайтида ҳар 10 литр секунд сувга 1 нафардан сувчи бириктирилган, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғи ўринбосари Обиджон Аҳмадқулов. – Натижада сувни назорат қилиш осон бўлиб, исрофгарчиликка йўл қўйилмаяпти. Кластерлар бошлиқлари ва фермер хўжалиги раҳбарларига мавсумни унумли ва сифатли ўтказиш учун сувчиларни иссиқ кийим, тунги чироқлар, овқат билан таъминлаш юклатилган.
Зараркунанда ҳашоратларнинг ғумбаклари нобуд бўлиб, бегона ўсимликларнинг қолдиқлари ва уруғлар чириши, ерлар яхшиланиши, ҳосилдорликнинг ошишига замин яратади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА