English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер шарининг Шарқдаги илк “сурати” қандай чизилган эди?
08:15 / 2025-12-14

Бағдод. Милодий 830 йиллар атрофи. Қуёш тиғидан қумлар қизиган паллада, халифа Маъмун саройининг салқин хоналаридан бирида инсоният тарихидаги энг улкан илмий жасоратлардан бирига пойдевор қўйилмоқда эди. 

Ўз даврининг қудратли ҳукмдори олимлар олдига ақл бовар қилмас вазифани қўйди: “Менга Ернинг суратини чизиб беринглар!”. Бу шунчаки расм эмас, балки математик аниқликка асосланган, ҳар бир шаҳар, тоғ ва денгизнинг жойлашуви қатъий ҳисобланган улкан лойиҳа бўлиши керак эди. Ўша даврда, ҳали самолётлар ва сунъий йўлдошлар тугул, оддий компас ҳам кенг тарқалмаган бир замонда, бу буйруқни бажариш имконсиздек туюларди. Аммо “Байт ал-Ҳикма” – Донишмандлар уйининг олимлари бу ишни уддалашди. Улар орасида кейинчалик бутун дунё илм-фанини ўзгартириб юборган сиймо – Муҳаммад Хоразмий ҳам бор эди.

Аббосийлар сулоласининг еттинчи халифаси Абдуллоҳ Маъмун (ҳукмронлиги 813–833 йиллар) нафақат давлат бошқарувчиси, балки илм-фаннинг чинакам ҳомийси ва билимдони эди. Унинг даврида Бағдод шаҳри Шарқнинг “ақл ўчоғи”га айланди. Халифа ўз саройида қадимги юнон, ҳинд ва форс қўлёзмаларини тўплаб, уларни араб тилига ўгириш учун махсус таржимонлар гуруҳини тузганди. Бу ҳаракат шунчаки кутубхона ташкил этиш эмас, балки ўтмиш цивилизацияларининг билимини тирилтиришга қаратилган улкан тадбир эди.

Маъмуннинг энг катта орзуларидан бири Клавдий Птолемейнинг “География” асаридаги маълумотларни янгилаш ва тўлдириш эди. Юнон олими Птолемей ўз даврида дунё харитасини тузган бўлса-да, орадан ўтган асрлар давомида кўплаб шаҳарлар пайдо бўлган, чегаралар ўзгарган ва ҳисоб-китоблар эскирган эди. Халифа бу вазифани бажариш учун “Байт ал-Ҳикма”нинг энг етук астроном ва географларини жалб қилди. Ушбу илмий гуруҳга ватандошимиз, алгебра фанининг асосчиси Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик қилган.

Хоразмийнинг “Китобу сурат ал-арз” (Ернинг сурати китоби) асари айнан шу даврда, тахминан 836–847 йиллар оралиғида дунёга келди. Бу асар шунчаки қуруқ тавсиф эмас, балки рақамлар ва координаталарнинг мукаммал тизими эди. Китобда 537 та муҳим географик объект – шаҳарлар, тоғлар, денгизлар ва дарёларнинг аниқ координаталари (узунлик ва кенглик даражалари) келтирилган. Тасаввур қилинг, улар ҳар бир нуқтани Етти иқлим тизими бўйича жойлаштириб чиқишган.

Олимлар ишни “Рубъи маскун” – Ернинг одамлар яшайдиган обод чорагини ўрганишдан бошладилар. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу ҳудуд ғарбда “Саодат ороллари”дан (Канар ороллари) бошланиб, шарқда 180 даража узунликкача, жанубда экватордан шимолда 63 даража кенгликкача чўзилган эди. Бу улкан ҳудудни қоғозга тушириш учун улар астрономик кузатувлардан фойдаландилар. Қизиғи шундаки, Хоразмий ва унинг сафдошлари бошланғич меридиан (ноль даражали узунлик) сифатида “Саодат ороллари”ни белгилашган, бу эса кейинчалик Ғарб хариташунослигига ҳам таъсир кўрсатган.

Мазкур лойиҳанинг мураккаблиги шунда эдики, улар фақат мавжуд маълумотларни кўчириш билан чекланмадилар. Халифа Маъмун олимлари Синжор саҳросида ва Куфа яқинида Ер меридианининг бир даражаси узунлигини ўлчаш учун махсус экспедициялар ташкил этишди. Улар қуёшнинг баландлигини ўлчаб, шимолга ва жанубга қараб юриб, бурчак катталиги ўзгаришини қайд этишди. Натижада, Ер айланасининг узунлигини ҳайратланарли аниқликда ҳисоблаб чиқишди. 

Хоразмий китобида шаҳарлар рўйхати иқлимлар бўйича тартибланган эди. Масалан, бешинчи иқлим жадвалида Сарахс, Марв, Бухоро ва Балх каби шаҳарларнинг координаталари берилган. Бухорони 87 даража-ю 20 дақиқа узунлик ва 37 даража-ю 50 дақиқа кенгликда деб кўрсатиш, ўша давр учун юксак математик маданиятдан дарак беради. Тоғлар жадвалида эса тизмаларнинг нафақат бошланиш ва тугаш нуқталари, балки уларнинг ранги ва йўналиши ҳам тасвирланган. Бугунги кунда биз фойдаланадиган ГИС (Географик ахборот тизимлари)нинг ибтидоий, аммо мукаммал кўриниши эди бу.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Хоразмийнинг “Сурат ал-арз” асари шунчаки илмий матн эмас, балки хариталар тўплами – Атласнинг изоҳли қисми бўлган деган тахминлар мавжуд. Халифа Маъмуннинг “Дунё харитаси” (Маъмун харитаси) деб номланган буюк чизмаси аслида Хоразмий ва унинг жамоаси меҳнатининг маҳсули эди. Бу харитада Нил дарёсининг манбаси, Ҳинд океанининг (Форс денгизи) тузилиши ва Евросиё қитъасининг қиёфаси ўша давр тушунчаларига кўра энг тўғри шаклда акс эттирилганди.

Аммо бу тарихнинг энг ҳайратланарли нуқтаси шундаки, “Маъмун академияси” олимлари Ернинг шарсимонлигини шубҳасиз ҳақиқат деб қабул қилишган. Европада бу даврда ҳали ҳам “Ер текис” деган қарашлар мавжуд бўлган бир пайтда, Бағдоддаги олимлар глобус ясаш ва Ернинг эгрилигини ҳисобга олган ҳолда масофаларни ўлчаш билан банд эдилар. Хоразмийнинг асари кейинчалик Ғарбда география фанининг қайта уйғонишига туртки берди. Улар Птолемейнинг хатоларини кўр-кўрона такрорламай, балки ўз кузатувлари орқали тузатиш киритдилар. Масалан, Ўрта Ер денгизининг узунлигини Птолемей ҳаддан ташқари чўзиб юборган бўлса, Хоразмий уни анча қисқартириб, ҳақиқатга яқинлаштирди. 

Муҳаммад Хоразмий ва унинг сафдошлари томонидан амалга оширилган бу иш шунчаки хариташунослик эмасди. Бу – инсониятнинг ўз уйини, яъни сайёрамизни англаш йўлидаги улкан қадами эди. Халифа Маъмуннинг буйруғи ва Хоразмийнинг заковати бирлашиб, қум барханлари орасидан коинотга қадар чўзилган кўзга кўринмас нарвонни яратди. Биз бугун фойдаланаётган координаталар тизими, жойлашувни аниқлаш усуллари ва географиянинг математик асослари ўша “Байт ал-Ҳикма”нинг хоналарида, шам ёруғида тунларни тонгга улаган бобокалонларимизнинг заҳматли меҳнати самарасидир. 

Алишер Эгамбердиев, ЎзА