Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Қарорга мувофиқ:
ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби;
- ер ҳисоботини юритиш тартиби;
- ер ҳисоботи шаклларини тасдиқлаш;
- ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш тартиби;
- ер фонди тоифаларидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш тартиби бўйича низом тасдиқланди.
2024 йил 1 январга қадар “Yer hisobot” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилади.
Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси “Yer hisobot” ААТ оператори ҳисобланади.
Ер ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш, ерларни тоифаларга ажратиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш натижалари ваколатли давлат органларининг қарорлари асосида “Yer hisobot” ААТга киритиб борилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер ресурсларини хатловдан ўтказиш натижаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари реал вақт режимида “E-qaror” электрон тизими орқали “Yer hisobot” ААТга тақдим этиб борилади.
Маҳаллий ижро этувчи хокимият органларининг ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ва унинг натижаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлмайди.
2024 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, туман (шаҳар)лар ҳокимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганда, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бир ой муддатда ўзларининг маъмурий-ҳудудий бирликлари бўйича жорий йил 1 январь ҳолатига кўра ер ҳисоботи, шу жумладан, лавозимдан озод этилган ҳоким фаолияти даврида ер фонди тоифаларига киритилган ўзгартиришлар ҳамда янги ўзлаштирилган ерлар тўғрисидаги маълумотларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига тасдиқлаш учун тақдим этади.
Бунда ер фонди тоифаларига киритилган ўзгартиришлар, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда янги ўзлаштирилган ерлар тўғрисидаги маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимларига тақдим этади.
ЎзА