Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер ресурсларидан фойдаланишда миллий тажриба ва халқаро амалиёт
17:40 / 2024-04-16

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда геоматика соҳасида эришилган ютуқларни амалиётга жорий этишнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Конференция Халқаро ер куни муносабати билан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети, “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти, Ўзбекистон Экологик партияси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси, Республика Аэрогеодезия марказий Самарқанд ҳудудлараро бўлинмаси ҳамкоролигида ташкил этилди.

Унда мамлакатимиз ҳамда Россия, Мўғулистон, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларидан олимлар ва ёш тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари онлайн ва бевосита қатнашди.  

Конференция аввалида Олий Мажлис Сенатининг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев, Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши раиси Абдушукр Ҳамзаев мазкур тадбирнинг аҳамиятига тўхталиб, мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ер тузиш ва ер мониторингини тўғри ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бунда илм ва амалиётнинг уйғунлигига эътибор қаратди.  

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш, илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, агросаноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баравар ошириш муҳим стратегик вазифалар сифатида белгилаб берилган, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Аброр Гадоев. – Бу вазифаларни амалга оширишда, жумладан, ердан фойдаланувчилар фаолиятига инновацион таъсир кўрсатувчи тизим яратиш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари мониторингини юритиш ҳамда аграр соҳа барқарорлиги ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича илмий изланишлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу анжуман ҳам айни мақсадга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Унда ер ресурслари, давлат кадастрлари ҳамда геоинформатика бўйича фаолият юритаётган олимларни тармоқлараро илмий тадқиқотларга йўналтириш, шунингдек, халқаро миқёсдаги илмий жамиятларга жалб этилишини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларининг халқаро академик алмашинувини кучайтириш, ер тузиш ва кадастр соҳаларига оид илм-фан ютуқлари ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш мақсад қилинган. Бу орқали ер ресурсларини бошқариш соҳасида хорижлик ҳамкасбларимиз ва мутахассислар билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашишга имконият яратиш, фан-техника тараққиётидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.

Анжуманда юртимиз ҳамда хориждан келган олим ва мутахассисларнинг ер ресурсларидан самарали фойдаланишда бугунги кунда қўлланилаётган замонавий технологиялар, инновацион ечимлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақидаги маърузалари тингланди. Янги услуб ва электрон тизимлар тақдимотлари ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари