Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер қаъридан фойдаланиш шартлари қандай бажарилмоқда?
16:41 / 2024-12-10

Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси лицензия шартларини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Шерзод Ёқубов қуйидагича маълумот берди:

– Маълумки, ер қаъридан фойдаланиш шатрларини бажариш тизим фаолиятида муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМ томонидан ер қаъридан фойдаланувчиларнинг геология соҳасидаги фаолиятини масофавий мониторинг қилишнинг муайян мезонлари аниқланиб, берилган рухсатномаларни ҳисобга олган ҳолда “хавфни таҳлил қилиш” тизими жорий этилган. 

Унга кўра, 2024 йилнинг январь ойидан ер қаъридан фойдаланувчиларнинг йиллик қазиб олиш қуввати бажарилиши ва кон бўйича заҳираларнинг ҳолати ҳамда фойдали қазилмаларнинг ҳаракати тўғрисидаги “Ахборот 5 ГР” шаклидаги ҳисоботни топшириш бўйича масофавий мониторинг ўтказилган. 

Бугунги кунда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларига берилган амалдаги рухсатномалар жами 2 034 тани ташкил қилиб, шундан 1 700 таси бўйича қазиб олинган ҳажмлар юзасидан ҳисоботларни тақдим этиш мажбурияти мавжуд. Айни пайтда 334 та тадбиркорлик субъектида 5 ГР ҳисоботини топшириш муддати келмаганини таъкидлаш лозим. 

Шу билан бирга, 817 та тадбиркорлик субъектига ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг асосий шартлари бузилган тақдирда муддатидан олдин тўхтатилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборилган. 

Ҳисоботларни тақдим этиш мажбурияти бор фойдаланувчиларнинг 1 700 тасидан 494 тасида қазиб олиш мажбурияти 50-100 фоиз бажарилган. 484 тасида бу жараён 50 фоизгача бўлса, 722 тасида эса қазиш ишлари амалга оширилмаган ёки кўрсаткич 10 фоизгачани ташкил этмоқда. 

2021-2023 йиллар учун топширилган “Ахборот 5 ГР” ҳисоботига кўра, фойдаланувчиларнинг 494 таси йиллик қазиб олиш қувватини тўлиқ бажарган. Шунингдек, 479 таси эса 10-50 фоиз бажарган. 

Қазиш ишларини амалга оширмаган ёки 10 фоиз бажарган ер қаъридан фойдаланувчиларнинг 722 тасидан 670 та рухсатномани муддатидан олдин бекор қилиш бўйича судга даъво аризалари киритилган. Шундан 250 таси муддатидан олдин бекор қилинган. 

Хулоса шуки, ер қаъридан фойдаланишнинг самарали бошқарилиши ва мониторинги фойдаланувчиларнинг хавфсиз ва экологик мезонларга мувофиқ фаолият кўрсатишини таъминлайди.Қонунбузарликлар бўйича огоҳлантиришлар ва назорат механизмлари фойдали қазилмаларни сақлаш ҳамда барқарор бошқаришга қаратилган муҳим тадбирлардир. 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди