Пойтахтимиз яқинида бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри мамлакатнинг энг йирик қурилиш лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
Бу лойиҳа нафақат замонавий архитектура ва экологик ечимларга, балки қулай инфратузилмага ҳам асосланмоқда. Айниқса, шаҳар концепциясининг ер ости инфратузилмаси бутун лойиҳанинг ўзига хос жиҳатидир.

Бу йўналиш орқали Янги Тошкент нафақат осмонўпар бинолар билан, балки кўзга кўринмайдиган, аммо ҳаётий муҳим инфратузилма тизимлари билан ҳам ўзига хос шаҳар тажрибасини яратмоқчи.
Дастлабки лойиҳаларга кўра, Янги Тошкентнинг марказий қисмларида кўп функцияли ер ости боғламалари қурилиши режалаштирилган. Бу ҳудудлар фақатгина автомобиль йўллари ёки тўхташ жойлари сифатида эмас, балки шаҳар ҳаётининг узвий қисми сифатида ишлаб чиқилади.
Ер ости мажмуаларида ҳаёт учун зарур шароитларнинг барчаси мужассам бўлади: автомобиллар учун автомойка ва қувватлаш станциялари, велосипед тураргоҳлари, ҳатто ота-оналар учун қулай бола парвариши хоналари ҳам ташкил этилади. Энг муҳими, ушбу лойиҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида тўхташ жойлари ва хизмат кўрсатиш нуқталари халқаро стандартлар асосида бўлади.
Бундай концепция Сеул, Токио, Париж каби шаҳарларда муваффақиятли жорий этилган. У ерда ер ости мажмуалари нафақат транспорт тизимининг бир қисми, балки савдо, маданият ва дам олиш инфратузилмаси сифатида ҳам хизмат қилади.

Янги Тошкент лойиҳаси ҳам шу йўналишда – Ўзбекистоннинг шаҳарсозлик мактабини янги босқичга олиб чиқиш мақсадини кўзлайди. Фарқи шундаки, бу лойиҳа миллий иқлим, энергетик ва маданий омилларни ҳисобга олган ҳолда, “Марказий Осиё модели” сифатида шаклланмоқда.
Янги Тошкент лойиҳасидаги ер ости боғламалари – бу оддий техник иншоотлар эмас, балки замонавий шаҳар маданиятининг асоси бўлиши кутилмоқда. Бу ёндашув орқали янги пойтахт концепцияси шунчаки меъморий янгилик эмас, балки инсон учун қулай, хавфсиз ва инклюзив яшаш муҳити яратиш ғоясини илгари суради. Агар бу концепция тўлиқ амалга ошса, Янги Тошкент нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун шаҳарсозликдаги илғор тажриба майдони сифатида тарихда қолади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА