Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” деҳқон бозори ҳудудида пиёдалар ер ости йўлаги фойдаланишга топширилди.
Ушбу обьект Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳомийлигида қуриб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан нуронийлар ҳудуд ободлиги йўлида олиб борилаётган ишлар бардавомлик касб этишини, шаҳар кундан-кун чирой очиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, қурилиш ишларида иштирок этган бир гуруҳ комбинат ишчи-ходимлари рағбатлантирилди. Ушбу ер ости йўлагининг қурилиши тендер ғолиби бўлган “Orion Prom Tex Servis” МЧЖ пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилиб, қуриш ишларига жами 4 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланди.
Ерости йўлагининг узунлиги 34 метр, чуқурлиги 4,5 метр, эни 4 метр, баландлиги 2.5 метрни ташкил этиб, кириш ва чиқиш қисмига жисмоний имконияти чекланганлар учун пандуслар ўрнатилган. Йўлак деворлари гранит билан пардозланди. Йўлаклар 24 соат ёруғлик тизими билан таъминланган.
А.Мусаев, ЎзА