French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер ости қудуқларидан фойдаланиш билан боғлиқ 3 минг 476 та камчилик аниқланди
11:41 / 2022-03-10

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ер ости сув қудуқларининг ҳолатини ўрганиш, улардан ичимлик сув таъминоти учун фойдаланишдаги сифат ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида қатор ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, инспекция, ҳуқуқ тартибот органлари ҳамда манфаатдор идоралар ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан республикамиздаги дарё ўзанлари ва ер ости сув қудуқлари ўрганилмоқда. 

Бугунги кунга қадар ишчи гуруҳлар томонидан жами 6 минг 703 та ер ости бурғу қудуқлар ҳолати ўрганилди. Жараёнда қудуқларда рухсат этувчи ҳужжатлар йўқлиги ҳамда ер ости қудуқларидан фойдаланиш билан боғлиқ 3 минг 476 та камчилик ва қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Хусусан Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ер ости қудуқларини бурғулаш учун гидрогеологик хулоса олинмаган 539 та ҳолат аниқланди.  

Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ер ости қудуқларини бурғулаш учун рухсатнома олинмаган 787 та ҳолат фош этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ёки уларни истеъмол қилиш учун рухсатномалар олинмаган 1 минг 97 та ҳолат аниқланди. 

Шунингдек, Бухоро, Наманган ва Сурхондарё  вилоятларида ер ости қудуқларининг техник паспорти мавжуд бўлмаган 849 та ҳолат аниқланди. Қолаверса, 204 та бошқа турдаги камчиликлар, 93 та ер ости бурғи қудуғининг санитар муҳофаза чегараси йўқлиги, 30 та объектда сувни зарарсизлантириш хонаси мавжуд эмаслиги, 81 та объектда сув минораси носоз бўлиб, таъмирталаб ҳолатдалиги аниқланди. Бундан ташқари 3 та сув қудуғининг санитар муҳофаза чегараси ҳудудига аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй қуриб олинган. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ер ости сувларидан оқилона фойдаланмаслик, тегишли техник ва норматив ҳужжатларга амал қилмаслик оқибатида ер ости чучук сув захиралари таркиби ўзгариши, шўрланиши ва камайиб кетишига сабаб бўлади. 

Мазкур қонунбузарликларни бартараф этиш учун инспекция томонидан камчиликларга йўл қўйган ташкилот ва фуқароларга кўрсатма ва тушунчалар берилди. Тегишли ташкилотлар томонидан 23 нафар мутасадди ва фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.   


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА