Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер ости конларида хавфсиз меҳнатни таъминлаш – устувор вазифа
16:25 / 2025-12-16

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми штаби таркибидаги Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув отряди томонидан Ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида қатор ишлар қилинмоқда.

Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув отряди Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Ангрен кон бошқармасига кон-қутқарув хизматларини кўрсатиб келади. Айни кунларда мазкур отряд ходимлари томонидан қатор профилактик ҳамда тарғибот ва ташвиқот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Фойдали қазилмаларни ер қаъридан қазиб олиш ва ер ости кон лаҳимларида ишлаш катта масъулият талаб қилади. Бу жараёнда кончилар ва кон-қутқарувчиларнинг жасорати, билим ва тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга. Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув бўлинмалари ҳарбийлаштирилган мақомга эга бўлиб, уларда хизмат қилаётган ходимлардан юқори даражадаги касбий тайёргарлик ва қатъий интизом талаб этилади. Шу сабабли ҳарбий тартиб-интизомга қатъий риоя қилинади.

Мутухассисларнинг сўзларига кўра, Ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида ўтказилаётган учрашувлар, тарғибот ва ташвиқот ишлари ҳамда амалий машғулотлар ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, ер ости кон ишларини бехатар олиб бориш ва эҳтимолий ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган.

Сўнгги йилларда конларда иш ҳажмининг ортиб бориши кон-қутқарувчилардан ўз устида ишлаш, жанговар шайликни ошириш ва авариявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тайёргарликни кучайтиришни талаб қилмоқда. Шу боис улар кончиларни табиий ва техноген офатлардан асраш, билим ва амалий кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Навбатдаги давра суҳбати “Кўчбулоқ” конида ўтказилди. Тадбир давомида ёнғин хавфсизлиги бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди. Ишлаб чиқариш объектларида ёнғин юзага келганда ҳаракатланиш тартиби, шунингдек, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш кўникмалари мустаҳкамланди.

ҲКҚ отряди командири Уйғун Шамиев қайд этганидек, ер ости конларида ёнғин ёки тутунланиш ҳолатлари айрим ҳолларда учраб туради. Бу ҳолатлар электр симларининг носозлиги ёки шамоллатиш тизимининг самарали ишламаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

– Шунинг учун ҳар бир кончи кукунли ва углекислотали бирламчи ўт ўчиргичлардан, шунингдек, ўз-ўзини қутқарувчи ҳимоя воситаларидан фойдаланишни билиши зарур. Тадбир давомида кон-қутқарувчилари кучли тутун ёки газланиш шароитида CI 30 маркали ўз-ўзини қутқарувчи воситанинг ишлашини амалда намойиш этдик. Айтиш керакки, тўғри ва ўз вақтида бажарилган ҳаракатлар инсон ҳаётини сақлаб қолади. Биз кон-қутқарувчиларнинг инсон ҳаётига масъулият билан ёндашишини алоҳида таъкидлаймиз. Шунингдек, оғир вазиятларда ишчиларнинг бир-бирига ёрдам бериши, қатъиятли бўлиши ва саросимага берилмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Корхона раҳбариятининг хавфсизлик масалаларига жиддий ёндашуви инсонлар ҳаёти ва фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади,  – деди Уйғун Шамиев.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА