Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер назорати таъминланмоқда
15:09 / 2025-10-16

Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, ерлардан мақсадли фойдаланишда қонунийликни таъминлаш, ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик мақсадида доимий равишда ер назорати тадбирлари олиб борилмоқда.

– Вилоят ҳудудида ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси ер ва кадастр назорати шўъбаси бош мутахассиси Абдукарим Тойиров. – Бироқ, вилоятда ерлардан ноқонуний фойдаланиш, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учраётгани ачинарли. Жумладан, бошқарманинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойлик даврида 2 937 та ҳолатда 85,19 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. 

Таҳлилларга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 85,19 гектар ернинг 30,8 гектари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга, 46,7 гектари аҳоли пункти ерларига, 6,6 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга, қолган қисми эса табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган ерлар, сув фонди ва захира ерларга тегишли экани маълум бўлди. 

Кадастр назорати инспекторларининг бевосита фуқаролар билан олиб борган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 29,51 гектардаги 1 962 та ҳолат фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ерлар ўз ҳолига келтирилди. 

Бундан ташқари ўтган даврида 28,50 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 703 та даъво аризалари киритилди. Жумладан, 50 тасида, яъни 3,66 гектари юзасидан даъво аризалари қаноатлантирилган бўлса, 653 та ҳолат бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Зеро, юртимизда ҳар бир қарич ер давлат назоратида. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, уларда ноқонуний қурилмалар қуриб олиш эса, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.