Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлаш, ерларни ноқонуний эгаллаш ва ердан фойдаланишда белгиланган тартибдан четга чиқиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида замонавий ахборот технологияларига асосланган назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Мазкур назорат тадбирлари жараёнида ер қонунчилиги бузилиш ҳолатлари нафақат инспекторларнинг жойига чиққан ҳолдаги ўрганишлари, балки учувчисиз учиш қурилмалари (дронлар) ҳамда космик тасвирларни таҳлил қилиш орқали аниқланиб, белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Ўтказилган ер назорати тадбирлари натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 6 минг 837 та ҳолатда жами 502 гектар ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди.

Ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ер тоифалари кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг 447,5 гектари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга, 17 гектари аҳоли пунктлари ерларига, 3,9 гектари саноат, транспорт, алоқа ва мудофаа ерларига, 8,7 гектари сув фонди ерларига, 24,9 гектари эса бошқа тоифадаги ер майдонларига тўғри келиши аниқланди.
Шу ўринда аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, масалан, Кадастр агентлиги Асака туман бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида туманнинг Дастурхончи маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан ўзига тегишли ер майдонига туташ бўлган 350 квадрат метр ер майдони ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилгани маълум бўлди.

Шунингдек, Пахтаобод туман бўлими мутахассислари ўтказган ер назорати тадбирлари давомида фермер хўжалиги раҳбари экин ер майдонининг 700 квадрат метр қисмида белгиланган мақсадга зид равишда фойдаланиб, ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, ноқонуний қурилишлар ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Умумий таҳлилларга кўра, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари содир этган шахслар билан олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида 6 минг 94 та ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилди. Шу билан бирга, 200 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли расмийлаштирилган тегишли ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун 8 минг 428 та маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилди.
Соҳа фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупция ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари, шунингдек, уларнинг туман ва шаҳар бўлимларида 200 дан ортиқ тушунтириш-профилактик тадбирлар ўтказилди.
Ҳуқуқий тарғиботлар доирасида 112 маротаба ижтимоий тармоқлар орқали, 9 марта телевидение орқали чиқишлар ташкил этилди, шу билан бирга, аҳоли вакиллари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ҳамда уйма-уй тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Кадастр агентлиги томонидан ер ресурсларидан мақсадли ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, ер муносабатлари соҳасида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологиялар асосида назорат тадбирлари самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Ботиржон Мирзааҳмедов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти
бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
ЎзА