Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш
12:08 / 2022-09-05

Бугунги кунда асосий муаммолардан бири ер муносабатлари билан боғлиқ бўлиб, ердан ноқонуний фойдаланиш, ерни сотиш ёки ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби ҳолатлар учраб турибди.

Жорий йил 6 июнда қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун шу ва бошқа бир қатор муаммоларга ечим бўлмоқда.

Унга кўра, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақлаб қолинган бўлса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.

Навоий вилоятида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун жорий йил 7 ойи давомида e-auksion.uz онлайн платформасига 2 464 та 244,9 гектар ер майдони жойлаштирилган. Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш мақсадида эса 111 та ҳолатда 734 минг 614,21 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ва туман, шаҳар бўлими “Ер ва кадастр назорати” инспекторлари томонидан 280 та ҳолатда 22,5 гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки ноқонуний қурилиш қилиш ҳолатлари аниқланган.

Мазкур қонун бузилишларнинг 196 та ҳолатида ўзбошимчалик билан эгалланган 6,9 гектар ер майдонида аниқланган ноқонуний қурилишлар Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси туман ва шаҳар бўлимлари инспекторлари томонидан бартараф қилиниб, ер майдони ўз ҳолатига қайтарилиши таъминланди.

Ўзбошимчалик билан эгалланган 10,4 гектар майдонда ноқонуний қурилишларни бартараф этиш бўйича судларга 70 та даъво ариза киритилган бўлиб, ҳозирги кунда 8 та ҳолатда қаноатлантирилган, 62 ҳолатда 10 гектар ер участкаларини мажбурий тартибда қайтариш бўйича киритилган даъво аризалар суд жараёнида кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузган 1719 нафар юридик ва жисмоний шахсга нисбатан 2 миллиард 571 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган.

 

Дониёр Нишонов, 
Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА