English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиш билан боғлиқ низом тасдиқланди
11:45 / 2024-08-21

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ер майдонларини янгидан ўзлаштириш  ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритишда давлат томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда мазкур тадбирларни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритишда давлат томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда мазкур тадбирларни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.  

Низомда:

янгидан ўзлаштириладиган ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантириш тартиби;

ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиш тадбирларини молиялаштириш тартиби;

янгидан ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритилган ер майдонларини қабул қилиб олиш тартиби;

ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиш тадбирлари учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш тартиби белгилаб берилган.

Қарорга кўра, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 5 апрелдаги ПҚ-153-сон қарорида назарда тутилган манбалар ҳисобидан ажратиладиган маблағлар туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари захирасидаги ер майдонларини ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиш тадбирларини амалга оширишда қуйидаги мақсадлар учун йўналтирилади:

вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш;

дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш учун зарур воситаларни сотиб олиш ва ўрнатиш;

суғориш (канал, лоток) ва коллектор тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш;

янгидан ўзлаштириладиган ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонларини лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлари билан текислаш.

Мазкур қарор талаблари фақатгина давлат ресурслари ва грант маблағлари ҳисобидан пудрат ташкилотлари томонидан туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги захирасидаги ерларнинг янгидан ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритилган майдонларига нисбатан қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги субъектлари томонидан ўз ерида ёки ўз ҳисобидаги туташ ҳудудларда янги ерлар ўзлаштирилган ёки қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритилган ҳолларда уларга давлат ресурслари ва грант маблағлари ҳисобидан пудрат ташкилотларини жалб этиш тақиқланади.

ЎзА