Эр етказган жароҳат аёлнинг ўлимига сабаб бўлди
Ўзаро жанжал пайтида эр темир бўлаги билан хотинининг бош қисмига уриши оқибатида 4 нафар фарзанднинг онаси шифохонада вафот этди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, Ғаллаорол тумани “Бахт” маҳалласида яшовчи 1982 йилда туғилган Тўхмоққул (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) хотини Рўзвонгул билан гап талашиб қолади.
Жаҳл чиққанда ақл кетади, деб бежизга айтишмаган, жанжал пайтида Тўхмоққул хотинининг бош қисмига арматура бўлаги билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказади.
Рўзвонгул туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига олиб келинади. Шифокорларнинг кўрсатган тиббий муолажаларига қарамасдан, аёл вафот этади.
Энди 4 фарзанд онасиз яшайди.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
А.Қаюмов, ЎзА