Мулоҳаза
Ҳар куни эрталабдан ишга отланиб, уйимиздан “Юнусобод” метро бекатигача юриб боргунимга қадар ён-атрофларни, одамларни кузатаман. Уйимизнинг шундоққина олдида мактаб, яна сал юрилганда боғча, кўп қаватли турар жойлар. Ҳа, айтганча, боғчага етмасдан чиқиндиларни жойлаштириш объекти — чиқиндихона ҳам бор.

Йўл бўйи кетаётиб, ариқчалар ичида, йўл четида турли-туман чиқиндилар ташлаб кетилгани — пластик идишлар, целофан пакетлар, ширинликларнинг қоғоз ўрамлари ва яна алламбалолар йиғилиб, уюлиб ётганига кўзим тушиб, кўнглим хира бўлади. Тўғри, ободонлаштириш ходимлари тез-тез тозалаб, йиғиштириб кетишади. Аммо уларнинг бу меҳнати натижаси, озодалик узоққа чўзилмайди. Бир кун ўтиб, атроф яна чиқиндиларга тўлиб бошлайди.

Бир куни чамаси 5-6 синфларда ўқийдиган 3-4 та қиз сал олдинроқда кетаётиб, қўлидаги баклашкасини машина юрадиган йўлга қараб бемалол отиб кетяпти. “Ҳой қизим, тўхта, мусорингни олиб кет, нега ташлаб кетяпсан?” дедим. “Ман ташламаганим билан мана, ҳамма ташлаб кетиптику”, деди уям эътироз билдириб. “Ҳамма ташласаям, сен ташлама, маданиятли бўл, ҳамма ташлайвергани учун ҳамма ёқ чиқиндига тўлган”, дедим. Кейин ҳартугул қиз ташлаган идишини олди. Агар нарироққа бориб яна отиб кетмаган бўлса, менинг кўз олдимда олиб кетди, ҳарқалай.

Яна бошқа бир куни қизимни боғчадан олиб қайтаётганимда ўрта ёшли бир аёл биздан анча олдинроқда кетаётиб, қўлида еб кетаётган ширинлигининг қоғозини арчалар тагига отиб кетди.
Ҳар доим чиқиндини тўғри келган жойга улоқтирмаслик, сувни исроф қилмаслик, дарахтларга, буталарга озор бермаслик ҳақидаги ўгитларимни жон қулоғи билан эшитадиган қизим бу ҳолатни кўриб жаҳли чиқди — “ану хотин табиатга зарар бериб, ахлатини отиб кетяпти, жинни экан”, деди болаларча нафрат билан. Қизимга унинг кўз ўнгида содир бўлган ҳолатнинг оқибатлари, атрофни чиқиндихонага айлантирмаслик, чиқиндиларни фақат белгиланган жойга ташлаш ҳақида яна насиҳатларни бера бошласам, “вой, ўзим биламан буларни, Ер хафа бўлади одамлардан, кейин ўч олади. Лекин буни ҳамма билмаяптида, ана, чиқиндиларини ташлаб кетишяпти”, деди йўл четидаги чиқиндиларни кўрсатиб. “Майли, сен ташлама, боғчадаги ўртоқларинга ҳам буларни тушунтир...” Уйга кириб боргунимизгача она-бола суҳбат мавзуимиз шу бўлди.
Бугун деярли ҳамма ҳавонинг ифлослигидан, чанг ва зарарли атмосферадан, истеъмол қилаётган маҳсулотларимиз фақат кимёвий ўғитлар билан етиштирилаётганидан, тупроқ, сув сифати ёмонлашиб бораётганидан, қўйингки, бутун экология бузилаётганидан дод-фарёд қилади. Аммо Ер сайёрасининг бир вакили сифатида шу ифлосликларга ҳисса қўшмаслик ҳақида, шахсий масъулият ҳақида ўйлаётган, қайғураётган кимсалар кам. Экологияга инсониятнинг салбий таъсири оқибатларини кўз ўнгида кўриб, сезиб туришса-да, табиатга зарар етказишда давом этишмоқда. Оддийгина чиқинди ташлаш маданиятига амал қилиш ҳам мушкул бундай одамлар учун...
Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ушбу йўналишга ҳар йили каттагина миқдорда бюджет маблағлари йўналтирилмоқда. Жорий 2025 йил юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниб, Давлат дастури асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Атроф-муҳит муҳофазасига оид конституциявий ҳамда қонунчилик асослари мустаҳкамлаб қўйилган.
Хусусан, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ва улардан хўжалик фаолиятида оқилона фойдаланилишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Яна бир қатор қонун ҳужжатларида тегишли жавобгарлик масалалари ҳам кўзда тутилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20
бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Мазкур кодекснинг 161-моддасида эса шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузишга оид жавобгарликлар ҳам белгилаб қўйилган.
Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилган қуйидаги маълумотларга кўзим тушди: шаҳарда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳозиргача 808 та ҳолатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддаси асосида жарималар қўлланилган.
Жумладан, 772 та ҳолатда 3-7 мартагача такроран чиқинди ташлаш, 26 та ҳолатда 8-12 мартагача, 10 та ҳолатда 13-23 мартагача такроран чиқинди ташлаш қайд этилган.
Ушбу ҳолатлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп чиқинди ташлаш ҳолатлари Олмазор, Учтепа ва Юнусобод туманларида кузатилган. Такроран чиқинди ташлаш ҳолатлари ҳам айнан шу туманларда юқори кўрсаткичлар билан қайд этилган.
Шу ўринда айтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддасига кўра, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек, тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, дуч келган жойга улоқтириб кетиш фақатгина тартиб-қоидани бузиш эмас, балки ўзимиз яшаб турган ҳудуднинг, шаҳримизнинг тозалиги, озодалиги ва соғлом муҳитини бузиш ҳамдир. Ўзимиз юрадиган йўлларда чиқинди уюлиб ётишига сабабчи бўлиб, ўзимиз учун ёқимсиз, хунук ҳолатларни юзага келтирамиз. Қизим айтганидек, Ер биздан ўч олишига имкон яратамиз. Экологик муаммолар занжирига асос яратиб берган бўламиз.
Шундай экан, атроф-муҳитга меҳрли муносабатни, масъулиятни, соф экологияга ҳисса қўшишни ўзимиздан, ўз оиламиздан, яқинларимиздан, ён-атрофимиздан бошлайлик. Илло, табиат мувозанатининг бир учи биз инсониятга тақалар экан, бугунги экологик таҳдидларни бироз бўлса-да юмшатишга ҳисса қўшайлик.
Муҳтарама Комилова, ЎзА