Аслида анъанавий ёндашувлар бободеҳқоннинг қонига сингган бўлиши керак, деймизу, аммо замонавий ёндашувларнинг бугунги ютуқлари ҳам ўзига хос самарага етаклаётгани ҳақиқат.
Масалан, деҳқон яхши биладики, сабзавотларни узлуксиз бир ерда алмаштирмасдан экиш уларни ўстиришда, ҳосил олишда салбийликка олиб келади.
Илмий жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, алмаштирмасдан экиш шу турдаги ўсимлик учун хос бўлган бир неча касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайишига сабаб бўлади, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Бундан ташқари, сабзавот ўсимлигининг умумий ривожланиши ва ҳосилдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бунинг олдини олиш, соҳани барқарорлаштириш учун сабзавотлар ўрнини алмаштириб туриш лозим.
Қоидага кўра бир хил ўсимлик (помидор, карам ва ҳ.к)ни бир ерга уч йилдан сўнг қайта экиш, тупроқ озуқаси ва намлигига талабчан экин экилган ерга иккинчи марта тупроқ озуқаси ва намликка талаби кам сабзавот экиш самарали бўлади.
Шунингдек, илдизи ернинг юза қисмида жойлашган сабзавот, карам, бодринг, томатдошлар туркумига мансуб ва картошка экилгач, гўнг, компост билан озиқлантириладиган ерларга иккинчи ва учинчи йилларда илдиз мевали сабзавотлар – сабзи, лавлаги, турп, шолғом ва пиёз экилса, ҳосилдорлик юқори бўлиши эслатиб ўтилади.
Биламизки, ҳамиша ҳам экиннинг иқтисодий самарадорлиги танловга эмас, қилинган меҳнат ва вақтида тўйинтирилган озуқаларга боғлиқ.
Эслатмалардан яна бирида ишлов беришни кўп талаб қиладиган сабзавот экинларидан сўнг, ерлар бегона ўтлардан халос бўлгандан кейин у ерларга сабзи ва пиёз экилишини тақозо қилади.
Такрорий сабзавот экиладиган ерларга эртаги сабзавотнинг энг тезпишар навлари экилиши лозим.
Тажрибада тасдиқланган яна бир жиҳат томатдошлар туркумидаги сабзавотлардан картошка, помидор, аччиқ-чучук қалампир ва бақлажон ўсимликлари бедадан бўшаган майдонларга ва дуккакли ўсимликлар, карам, пиёз ва илдизмевали сабзавотлардан бўшаган ерларга экилганда юқори ҳосил беради.
Сабзавотлардан карам, картошка, полиз ўсимликлари ва бодринг, илдиз мевалилар, пиёз ҳамда саримсоқ учун энг яхши ўтмишдош экинлар ҳисобланиб, улар ерни зараркунандалардан ва бегона ўтлардан муҳофаза қилиб ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатади.
Бу каби эслатмалар айни уйғониш фасли баҳорда шахсий томорқаларида деҳқончилик қилишга киришган ҳар бир инсонга асқатиши табиий.
А.РУСТАМОВ, ЎзА