Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги “Кимсанобод Қақир” фермер хўжалигининг экин майдонлари тошлоқ ерлардан иборат. Шу боис, бу ерларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ҳаракат қилинмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.
– Ҳар йили экин майдонларимизнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилашга эътибор қаратамиз, - дейди фермер хўжалиги раҳбари, тажрибали деҳқон Зуҳриддин Ҳожиматов. – Бу йилги мавсумда 7 гектар экин майдонимизга 1000 тоннага яқин маҳаллий ўғит солдик. Кўпчилик эътибор бермайдиган бу жараён ерга дармон бўлади. Маҳаллий ўғитга тўйинган ерда буғдой, пахта каби экинларимиз бошқа ҳудудларга нисбатан 10 кун олдин етилади.
Жорий йилда ҳам 55 гектар экин майдонининг 26 гектарига пахта, 35 гектарига ғалла эккан мазкур фермер хўжалиги деҳқонлари туманда биринчи бўлиб ғалла ўрим-йиғимига киришди. Қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда, экин майдонларининг хусусиятлари инобатга олиниб, “Аср”, “Алексеевич” навларининг танлангани бугун ўзининг ижобий самарасини беряпти. Буни ўримнинг биринчи куниёқ буғдойзорларда шартнома режасини ортиғи билан қоплайдиган даражада ҳосил етиштирилганидан ҳам кўриш мумкин.
Фермер хўжалигидаги 26 гектар ерга серҳосиллиги ва эртапишарлиги билан пахтакорларга манзур бўлаётган “Наманган-77” навли чигит қадалган эди. Бугун деҳқоннинг меҳрига ва “оби ҳаёт”га қонган пахта майдонларида тобора кўкка интилиб, бўй чўзаётган ғўзаларнинг ҳолати кўрган кўзни қувнатади.
[gallery-17765]
– Ўтган йили 26 август куни пахта теримига тушиб, бир ҳафта ичида шартнома режасидаги ҳосилни йиғиб олган эдик, - дейди фермер Зуҳриддин Ҳожиматов. – Бу йил ҳам шу мақсадда ғўзаларга ўз вақтида ишлов беряпмиз. Биринчи бўлишнинг завқи бўлак-да! Қолаверса, эрта ҳосилдан бўшаган майдонлар ҳам кўпроқ дам олиб, ўзига куч йиғиб олади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА