Ер – инсон ҳаётининг таянчи, давлат барқарорлигининг пойдевори. Унга эгалик қилиш, фойдаланиш ҳамда уни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий ҳамда маънавий бурчидир. Шу маънода, ер муносабатларида тартиб ва қонунийликни таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан саналади.
Шу мақсадда Кадастр агентлиги томонидан доимий равишда ер ва кадастр назорати ўтказиб келинмоқда. Жумаладан, Агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан олиб борилган назорат ва ўрганишлар давомида жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида 3 234 та ҳолатда жами 92,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди.
Ҳар бир ҳолат бўйича фуқаролар ва хўжалик субъектларига ёзма огоҳлантиришлар берилди. Кўрилган чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, 2 227 та ҳолатда (39,47 гектар) ер майдонлари ихтиёрий равишда бартараф қилинди.
Вилоятда олиб борилган таҳлиллар давомида 765 та ҳолатда (191 гектар) ерлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам қайд этилди. Ушбу ҳолатлар бўйича 759 та тақдимнома судларга киритилиб, кўрилган чоралар натижасида 726 та ҳолатда (180,5 гектар) ер майдонлари туман ва шаҳар ҳокимликларининг захирасига қайтарилди.
Мазкур натижалар шуни кўрсатадики, Кадастр тизими нафақат назоратни кучайтирмоқда, балки жамиятда ерга нисбатан қонунийлик ва масъулият туйғусини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Бугун Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари ер муносабатларида адолат ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ерларнинг мақсадсиз эгалланиши ва талон-тарож қилинишининг олдини олиш, шунингдек, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.