Самарқанд вилоятида ғалладан бўшаган 82 минг гектардан ортиқ майдонда такрорий экинлар экилиб, парваришланмоқда.
– Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда бозорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан ҳисобланади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Хушнуд Нурбеков. – Шу сабабли фермер хўжаликлари ва аҳолига ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш учун кенг имконият яратилди. Вилоятимизда ҳам айни пайтда 32 минг 391 гектар ерда дуккакли экинлар, 10 минг 45 гектарда картошка, 3815 гектарда сабзавот экилган. Такрорий экинлардан юқори ҳосил олиш юзасидан агротехник тадбирлар жиддий назоратга олинган.
Ургут туманидаги “Кенагас” фермер хўжалиги томонидан ғалладан бўшаган майдоннинг 3 гектарида бодринг, 2 гектарида карам, 3 гектар картошка, 12 гектар ерда чорва моллари учун озуқа экинлари парваришланмоқда. Фермер хўжалиги раҳбари биргина такрорий экиндан 500 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА