Бугунги “Хориж хабарлари” дастурида Сомалида кучайган очарчилик хавфи, Бразилиядаги ҳалокатли тошқинлар, Россиянинг Донецк вилоятидаги дамбага зарбаси, “Эпштейн файллари” атрофидаги тортишувлар, Куба ҳудудий сувларидаги отишма, Украинада юқори лавозимли ҳарбийлар қўлга олиниши ҳамда Андрей Портнов иши бўйича Германияда амалга оширилган ҳибсга олиш ҳақида сўнгги маълумотлар тақдим этилади. Дунёдаги муҳим сиёсий ва ижтимоий воқеаларни биз билан кузатиб боринг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qyYm4dOf9IA" title="Epshteyn fayllaridan Trampga aloqador hujjatlar yo‘qoldi(mi)?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Сомалида 6,5 миллион киши очарчилик хавфи остида
Сомалида қурғоқчилик, қуролли тўқнашувлар ва молиялаштириш қисқариши оқибатида озиқ-овқат инқирози кучаймоқда. БМТ маълумотига кўра, март ойи охирига бориб 6,5 миллион киши озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келиши мумкин, жумладан 1 миллион 840 минг нафар 5 ёшгача бўлган бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Сув танқислиги ва ҳосил йўқотишлари вазиятни янада оғирлаштирган.
Бразилиядаги тошқинларда 46 киши ҳалок бўлди
Бразилиянинг Жуис-ди-Фора ва Уба шаҳарларида кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган тошқин ва кўчкилар натижасида 46 киши ҳалок бўлди, 21 киши бедарак йўқолган. Қарийб 3 600 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Федерал ҳукумат қутқарув ва гуманитар ёрдам ишларини кучайтирган.
Россия Донецк вилоятидаги дамбани авиабомба билан нишонга олди
Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги Осиково яқинида жойлашган дамбага уч тонналик бошқариладиган авиабомба ташлаган. Оқибатда сув Дружковка—Константиновка автомобиль йўлига чиққан ва ҳаракат вақтинча тўхтатилган. Ҳодиса Украина қўшинларининг логистика таъминотига таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.
“Эпштейн файллари”дан Доналд Трампга оид ҳужжатлар топилмади
АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган “Эпштейн файллари” орасида айрим интервью материаллари, жумладан Доналд Трампга алоқадор деб айтилган учта гувоҳлик қайдлари мавжуд эмаслиги маълум қилинди. ФҚБ 325 та интервью ўтказгани айтилмоқда, аммо 90 дан ортиқ ҳужжат очиқланмаган. Расмийлар бу ҳолатни давом этаётган федерал тергов билан изоҳламоқда.
Куба чегарачилари Флоридада рўйхатдан ўтган катерга ўт очди
Куба ҳудудий сувларида Флорида штатида рўйхатга олинган тезкор катерга ўт очилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, олти киши жароҳат олди. Куба Ички ишлар вазирлигига кўра, чегарачилар идентификация жараёнида қаршиликка учраган. Ҳодиса Вилья-Клара провинцияси яқинида содир бўлган ва воқеа юзасидан тергов бошланган.
Украинада икки юқори лавозимли ҳарбий қўлга олинди
Украина Хавфсизлик хизмати Ҳаво кучлари логистика қўмондони Андрей Украинец ва Житомир вилояти бўйича хавфсизлик бошқармаси раҳбари Владимир Компаниченкони қўлга олди. Улар мудофаа иншоотлари қурилишида давлат маблағларини талон-торож қилиш ва пора олишда гумонланмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Андрей Портнов иши бўйича гумонланувчи Германияда ушланди
Германиянинг Хайнсберг шаҳрида Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг маслаҳатчиси бўлган Андрей Портновнинг ўлдирилиши иши бўйича гумонланувчи қўлга олинди. Амалиёт Германия Федерал жиноят ишлари идораси иштирокида ўтказилган. Ҳозирда иш бўйича тергов давом этмоқда.
Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов (видео), ЎзА