Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эпидемиологик вазият, Қозоғистон воқеалари ва юртимиздаги ислоҳотлар бугунги газеталарда...
12:49 / 2022-01-11

Бугунги газеталарни ўқиб туриб, мамлакат, минтақа ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар билан танишасиз, дунё ўзгараётганини, қайноқ жараёнлар ичида яшаётганимизни ҳис этиб турасиз.

 «Янги Ўзбекистон» газетасининг бугунги сонини кузатиб, ҳаёт янги ўзанлар томон бурилаётганини ҳис этасиз. Давлат раҳбари – Шавкат Мирзиёевнинг Қосим – Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқоти, шунингдек, қурилиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва табиий газ таъминотига оид лойиҳалар билан танишувига бағишланган саҳифа эътиборни тортади. Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Армия ва халқ – бир тану бир жон», Президент ташрифидан сўнг рукнида берилган «Билимли, салоҳиятли, ватанпарвар ёшлар янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қанотлари», 2022 йил – инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили туркумида берилган «Янги йил номида Нур бор, меҳр бор» каби таҳлилий мақолаларда бугунги кун нафаси уфуриб туради.

«Эпидемиологик вазият яна ҳушёрликка чорлайди» саҳифаси огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграйди. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган «Асрий орзулар оташида ёнган ҳур фикрлиғлар... Улардан 120 нафар шахсга оқлов ҳукми эълон қилинди» номли саҳифа эса армонга айланаётган умидларнинг рўёби ҳақида...

«Халқ сўзи»нинг бугунги сонини варақлаб, кун нафасини сезиб, ҳис этасиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 январь куни қурилиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва табиий газ таъминотига оид лойиҳалар билан танишганига бағишланган шарҳ ўқувчи эътиборидан четда қолмайди. Мушоҳада рукнида берилган «Бола тарбиясига нафақат муайян ташкилотлар, балки бутун жамият масъул» мақоласида ҳам муҳим масалалар кўтарилган. «Ёмон йўлдош равон йўлда ҳам ғов бўлади» мақоласида карантин чекловларига амал қилмаётганлар ҳақида сўз юритилади. Яна бир қанча мақолалар, жумладан, «Қонсираган илоҳлар» инсониятга наф келтирмаган», «Қашқадарёлик юридик техникум битирувчилари нега университетга йўлланма ололмади?», «Ҳавзалар кўп, бироқ балиқ кам...» мақолалари мавжуд муаммолар ва жамиятнинг оғриқли нуқталарига қаратилгани билан газетхонни беэътибор қолдирмайди.

“Hurriyat"нинг янги йилдаги илк сони жамоа ўз олдига ўтган йилдагидан ҳам катта вазифалар қўйганидан далолат беради. «Кўзгуга қачон қараймиз?» ёки яна она тилимизга бепарволик «касаллиги» ҳақидаги мақолада «ҳуррият»чилар тилимизнинг бугунги мавқеи – аҳволи ҳақида «бонг» уради. «Мавзу керакми?» – Янги йил оқшомидаги ўйлар ҳам сизни беэътибор қолдирмайди. «Мактабда... болалар нашрлари борми» номли мақолани нафақат мактаб жамоаси, балки ҳар бир ота-она ҳам ўқиши ва уқиши лозимдек... «Кадастр машинаси» мақоласидаги «қон босими юқори бўлганларга ўқиш тавсия этилмайди» изоҳи газетхон оромини бузади ва мақола мутолаасига киришади. Вазиятга назар рукнида Собир Салимнинг «Сабаблар, саволлар, сабоқлар» мақоласи қўшни Қозоғистондаги воқеалар шарҳланган. Атоқли навоийшунос Ваҳоб Раҳмоновнинг «Маънавий лоқайдлик ёки мутафаккир Алишер Навоий асарлари нега пала-партиш ва хатолар билан нашр этилган?» мақоласи, Жасур Кенгбоевнинг «Доллар» номли ҳикояси мароқ билан ўқилади.

“Ishonch"да эълон қилинган “OMIKRON... ваҳима қанчалик ўринли?" номли мақоласи бугунги куннинг энг муҳим масаласига бағишланади. Мақолани ўқиб, ўзингизни ва кўпчиликни қизиқтирадиган бир қанча саволларга жавоб топасиз. Газета саҳифаларидан ўрин олган «Бекор қилинган буйруқ», «Зарар пуллари ундирилди», «Улар асоссиз ишдан бўшатилганди», «Туя гўшти еган қурилиш» каби мақолаларни ҳам ўқувчи эътибор ва қизиқиш билан ўқийди. Оддий одамлар орасида ҳам, мутахассислар билан суҳбатларда ҳам нега Ўзбекистонимизнинг айрим ҳудудларини тез-тез чанг, ғуборлар қоплаб оляпти, деган саволлар кўпайиб бораяпти. Журналист Зуҳро Асадованинг «Чангли ва Қумли бўронлар нега КЎПАЙМОҚДА?» номли мақоласини ўқиб, ушбу саволларга жавоб оласиз. Қозоғистондаги воқеаларга “Ishonch"чилар ҳам алоҳида эътибор қаратгани бугун кундалик газеталаримиз том маънода жамият кўзгусига айланиб бораётганидан далолатдир. Жаҳонгир Наҳановнинг «Жанаозенда бошланган оқим қай ўзанга бурилди? Ёхуд Ўзбекистонда Қозоғистондаги воқеаларга ҳеч ким бефарқ эмас» номли мақоласи сизга қўшни давлатдаги вазиятнинг асл сабаблари ҳақида хабар беради...

«Инсон ва қонун»нинг бу галги сони  энг халқчил давлат идораси – Адлия вазирлиги органлари ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган...

Бугунги газеталарни мутолаа қилинг. Унда ўтаётган кунимизнинг овозини, ислоҳотлар нафасини ҳис этасиз.  
                                                                                               

А.Нарзуллаев, ЎзА