ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан ташкил этилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Жиззах вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада вилоятнинг чегара олди ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан иборат 4 та жамоа ғолиблик учун беллашди.
Дастлаб иштирокчилар саф майдонида шахдам қадамлар билан ўтиш ва саф қўшиқлари ижроси бўйича маҳоратини намойиш этди. “Билимлар синови” шартида ёш чегарачиларнинг интеллектуал салоҳияти баҳоланди. Шундан сўнг, АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича амалий кўникмалар синовдан ўтказилди. Автомат ва пистолетдан ўқ отиш шартларида эса иштирокчилар мерганлик маҳоратини кўрсатдилар.
Мусобақа давомида турникда тортилиш, граната улоқтириш, тиббий ёрдам кўрсатиш, ўқ-дориларни белгиланган манзилга етказиш, тўсиқлар ва заҳарланган ҳудуддан ўтиш каби қатор шартлар бўйича баҳслар ҳам қизиқарли ва муросасиз тус олди.
[gallery-23093]
Якуний натижаларга кўра, Мирзачўл туманидаги 8-сонли умумтаълим мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. 2-ўрин Янгиобод тумани шарафини ҳимоя қилган 11-сонли умумтаълим мактабининг “Шунқорлар” жамоасига насиб этди. 3-ўрин эса Зомин тумани 60-сонли мактабнинг “Лочин” жамоасига берилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА