Енгил саноатни янада ривожлантириш йўлида
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон енгил саноатига инвестициялар жалб этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон енгил саноатига инвестициялар жалб этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Пахта толасини қайта ишлаш бўйича кўп асрлик анъанага эга тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж корхоналаримиз мамлакатимиз макроиқтисодий мажмуасида мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда. Соҳада қулай инвестиция муҳити ва ҳуқуқий база яратилгани самарасида енгил саноат корхоналари салмоқли натижаларга эришмоқда.
Бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси таркибига кирадиган тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж корхоналари томонидан калава, мато, тикувчилик, тикувчилик-трикотаж, пайпоқ, махсус кийим, тиббиёт учун мўлжалланган кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир.
«Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Султоновнинг сўзларига кўра, айни пайтда компания ўз таркибида 290 корхонани бирлаштирган бўлиб, уларнинг 156 таси Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Германия, Швейцария, Италия, Япония, АҚШ ва бошқа давлатлардаги хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этилган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон енгил саноатига 2,1 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилинган.
Президентимизнинг шу йил 4 мартдаги 2015-2019 йилларда таркибий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги фармони соҳани янада ривожлантириш учун кенг имкониятларни очиб бераётир. «Ўзбекенгилсаноат» ушбу ҳужжатга мувофиқ етакчи хорижий шериклар билан ҳамкорликда янги корхоналар ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича 58, шунингдек, чет эл инвестицияларини жалб этган ҳолда 21 истиқболли лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Элликқалъа ва Қўнғирот пахта тозалаш заводлари негизида, Ғиждувон туманида, Жондор ҳамда Ромитан туманларида қурилиши якунланмаган объектлар базасида тўқимачилик комплексларини, «Индорама Қўқон текстил» хорижий корхонасида тўқимачилик корхонасини (4-босқич) ташкил этиш ва бошқалар шулар жумласидан.
Жорий йил охиригача «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 230 миллион доллардан ортиқ 33 инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни режалаштираётир. Уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши 2,8 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этиш, экспорт ҳажмини ошириш ва ички бозорни юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беради.