“Нуроний” жамғармасининг Сурхондарё вилояти туманлари ва Термиз шаҳри бўлими ўртасида танлов ташкил этилиб, энг фаол бўлим енгил автомобиль билан тақдирланади.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят, туманлар ва Термиз шаҳар бўлими раҳбарлари, фаол нуронийлар, фахрийлар, оқсоқоллар билан учрашувда ана шу ташаббусни илгари сурди.

Жамғарманинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этиладиган танлов якунида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган бўлимлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши маълум қилинди.

Учрашувда нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрнини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. “Нуроний” жамғармасининг ҳудудий бўлимлари нуронийлар билан ишларни тизимли, янада самарали ва мақсадли ташкил этиши зарурлиги таъкидланди.


Учрашувда, шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар юзасидан нуронийларнинг фикр-мулоҳазалари, ҳаётий тажрибага асосланган қимматли таклиф ва маслаҳатлари тингланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири