Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Енгил атлетикачиларимиз забт этган марралар
16:22 / 2023-12-05

Олимпия дастуридан жой олган енгил атлетика ҳам мамлакатимизда тобора ривожланиб, ўғил-қизлар ўртасида оммалашиб бораётган спорт турларидан бўлиб, юриш, югуриш, сакраш, улоқтириш ва кўпкураш каби йўналишларни ўз ичига олади. 

Унинг ҳар бир тури кишининг жисмоний ва руҳий ҳолатига, саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, енгил атлетика инсон саломатлигига фойдали бўлган барча машқ турларини ўзида мужассамлаштирган. Ушбу спорт тури организмнинг функционал имкониятларини ошириб, тананинг уйғун ривожланишига ёрдам беради. Енгил атлетика билан шуғулланувчилар жисмонан бақувват, тана ва вазни мутаносиб, чайир, соғлом бўлиш билан бирга, тез ва аниқ ҳаракат қилиш қобилияти юқори, иродаси мустаҳкам инсонлар бўлади. 

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан ушбу спорт турини ўғил-қизлар ўртасида кенг оммалаштириш ва шу орқали уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, федерация бўлимларининг самарали фаолият юритаётгани жойларда енгил атлетикани ривожлантириш, турли мусобақалар ўтказиш, иқтидорли ёшларни саралаш ва терма жамоалар талабига жавоб берадиган спортчилар қилиб тайёрлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш имконини бермоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилган енгил атлетика секцияларида ёш атлетларимиз малакали мураббийлардан енгил атлетика сирларини пухта ўрганмоқда.

– Ҳар бир ғалабам муҳим аҳамиятга эга, – дейди Осиё ўйинлари ғолибаси Шарифа Давронова. – Ниятим, Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтаришдир. Бунинг учун юртимизда барча шарт-шароит яратилган. Ушбу имкониятлардан эса биз ёшлар унумли фойдаланмоқдамиз.

Дарҳақиқат, бугун енгил атлетика бўйича спортчиларимиз ҳар бир мусобақа олдидан пухта тайёргарлик кўрмоқда. Айниқса, енгил атлетикачиларимиз 2024 йили Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш учун пухта ҳозирлик кўрмоқда. Президентимизнинг "2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорида бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва муносиб иштирок этиши учун шарт-шароит яратилмоқда. 

Умид қиламизки, мазкур тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида енгил атлетикачиларимиз муваффақиятли иштирок этиб, юрт шарафини янада юксалтирган ҳолда юртимизга ёруғ юз билан қайтадилар.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан олиб борилаётган самарали ишлар ва яратилган кенг имкониятлар эвазига спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда муваффақият қозонмоқда. Жумладан, 2023 йилги спорт мавсумида атлетларимиз XIX ёзги Осиё ўйинларида, турли ёш тоифаларидаги қитъа ва жаҳон биринчиликларида, халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, 12 та олтин, 15 та кумуш ва 11 та бронза, жами 38 медални қўлга киритди. 

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Беларусьда ўтган II МДҲ ўйинларида ёш спортчиларимиз 1 олтин ва 3 тадан кумуш ҳамда бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Марина Хмелевская ва Шоҳрух Давлатов Берлин (Германия) марафонида ва Валенсия (Испания) марафонида, Тринидад Алфонсода (Испания) платина марафон пойгаларида муваффақиятли қатнашди. Шоҳруҳ “Valencia Marathon Trinidad Alfonso” мусобақасида 2:07:02 натижа қайд этди ва “Париж-2024" Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқди. Шунингдек, Шоҳруҳ ушбу кўрсаткич билан 38 йил аввал ўрнатилган миллий рекордни (2:13:28) ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Узунликка сакраш бўйича Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада 8,22 балл билан ғолиблик қўлга киритилган. Анвар Анваров 38 йиллик рекордни ортда қолдирди. Шу тариқа йил давомида 22 та енгил атлетика йўналиши бўйича турли ёш тоифаларида рекорд қайд этилди.

29 сентябрь-5октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинларида Сафина Саъдуллаева, баландликка сакрашда 1,86 натижа билан, Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакрашда 14,09 натижа билан олтин медални қўлга киритгани ҳамон ёдимизда. Шунингдек, Светлана Радзивил ва Екатерина Воронина ўз йўналишларида кумуш, Суҳроб Хўжаев эса бронза медалини қўлга киритди. 

Таиланднинг Бангкок шаҳрида 12-16 июль кунлари ўтказилган Осиё чемпионатида Екатерина Воронина етти курашда 6098 балл жамғарган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Чемпионатнинг 400 метрга югуриш баҳсларида Фарида Солиева, босқон улоқтиришда Суҳроб Хўжаев кумуш медаль билан тақдирланди. Чемпионатнинг баландликка сакраш бўйича бронза медали Светлана Радзивилга насиб қилди.

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ёпиқ иншоотлардаги Х Осиё чемпионатида 2 та олтин ва биттадан кумуш ҳамда бронза медали вакилларимизга тақдим этилган бўлса, 27-30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3 тадан олтин ва кумуш ҳамда 6 та бронза медали жамғарилди. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Дилшод Усмонова 3000 метрга тўсиқлардан югуришда, Барнохон Сайфуллаева баландликка сакрашда, Ҳушноз Шавкатова уч ҳатлаб сакрашда, Ўғилой Норбоева еттикурашда олтин, Малика Насриддинова ядро улоқтиришда, Элвира Силамиева босқон улоқтиришда, Нодир Норбоев ўнкурашда кумуш медали билан тақдирланди. Мусобақанинг ўнкураш баҳсларида эса Самандар Маҳмудов бронза медалини қўлга киритди.

Енгил атлетика бўйича улоқтириш йўналишларидаги қитъа биринчилиги Жанубий Кореяда ўтказилди. 24-25 октябрь кунлари Мокпо шаҳрида ўтган мусобақада 1 тадан кумуш ва бронза медаллари делегациямиз ҳисобига қўшилди. Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри 11 ноябрь куни ярим марафон бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Унда Ситора Хамидова кумуш медални қўлга киритган бўлса, Ситора Ҳамидова, Марина Хмелевская, Азиза Мирзакбаровадан ташкил топган жамоамиз 3 соат 53 дақиқа ва 47 сония натижа билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди. 

Шунингдек, 2023 йилда 21 нафар спортчи Ўзбекистон спорт устаси меъёрини бажарди, яна уч нафар спортчи халқаро тоифадаги спорт устаси меъёрига мос натижа кўрсатди. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, Президентимиз фармони билан мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга қўшган улкан ҳиссаси учун енгил атлетикачиларимиз давлат мукофотига муносиб кўрилди.

Жумладан, Шариф Давронова “Келажак бунёдкори” медали билан, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасининг енгил атлетика бўйича мураббийи Анна Казакова “Соғлом турмуш тарзи” медаллари билан тақдирланди.

Ҳа, ўз танлаган соҳасида, жумладан, спортда ҳам юксак марраларни забт этаётган ўғил-қизларимиз билан фахрланамиз. Бундай ютуқлар озод ва обод Ватан, тинч ва фаровон ҳаёт, соғлом жамият бор жойда қўлга киритилади. Зеро, спортга эътибор қаратилган юрт фарзандлари қудратли ва соғломдир.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири