Бухоро вилояти Шофиркон туманида “Балли қизлар” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Тадбир туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, Оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди.
– Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайди, – дейди тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Д.Ғаффорова. – Маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг бу пурмаъно сўзи ҳар бир даврда ўз исботини топган. Шу боис ҳам юртимизда давлат раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларнинг илм-маърифатли бўлиши ва барча соҳаларда ўзини кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Гул ўсса – ернинг кўрки, қиз ўсса – элнинг кўрки, дейди доно халқимиз. Оилада қиз фарзанд дунёга келдими, отага меҳрибон, онага суянчиқ, миллат эртасини давом эттирувчи бўлади, дея қувонамиз. Миллат давомчиси бўлмиш қизларни маърифатли, зиёли ва оналик мақомига муносиб қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
Қизларимизга маънавий-миллий маданиятни шакллантириш, эстетик, табиий ва ижтимоий муҳитга босқичма-босқич ўтишлари, оила муқаддаслигини ҳозирдан сингдириб бориш ҳамда одобли, билимдон, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли қилиб тарбиялашда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган танлов тўрт шарт асосида ўтказилди.
[gallery-14131]
Ғолиблар диплом ҳамда туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.