French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг яхши ёш тадбиркорлар аниқланди
17:18 / 2024-10-09

Андижонда маҳалла ёшлари ўртасидаги “Ёш тадбиркор” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларнинг тадбиркорлик ва бизнесга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 59 нафар маҳалла ёшлари ўзининг бизнес ғоя, лойиҳалари билан иштирок этди.

Қизиқарли ва ўзига хос бизнес лойиҳалар тақдим этилган танловнинг якуний натижаларига кўра, Пахтаобод тумани Обод маҳалласи вакили Исломбек Комилов биринчи ўринга сазовор бўлди. 

[gallery-19667]

– Мен Андижон давлат университетида физика-математика йўналиши бўйича магистратурада ўқиш билан бирга, “Кристалл” хусусий мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман, – дейди танлов ғолиби И.Комилов. – Танловда пластмасса чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан тиббиёт шприцининг пластмасса қисмини тайёрлаш бўйича лойиҳам билан қатнашдим. 

Мен тақдим этган лойиҳа мутахассис ва мутасаддиларнинг эътиборига тушиб, ғолиб деб топилганлигидан хурсандман. Асосий мақсадим, ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали юртимиз иқтисодиётини юксалтиришга ўз ҳиссамни қўшишдир. 

Танловда иккинчи ўрин Булоқбоши туманидаги Баландчек маҳалласи вакили Шоҳжаҳон Маликовга, учинчи ўрин эса Избоскан туманидаги Мангуберди маҳалласи вакили Эркинжон Раҳматовга насиб этди. Энди ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида Андижон вилояти шарафини ҳимоя қилади. 

Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.