Юртимизда хотин-қизлар муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш, уларни ҳал этишда кўмаклашиш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаоллари муҳим ўрин тутади.
Ана шундай фаолларни рағбатлантириш, тажрибасини оммалаштириш мақсадида Янгиер шаҳрида “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” Республика танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Беллашувда иштирокчилар маҳаллаларда амалга оширган ишлари, аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ташаббуслари ва фаолият самарадорлиги асосида баҳоланди.
Натижаларга кўра, Давлатобод маҳалласи хотин-қизлар фаоли Шоира Элмуродова биринчи ўринни қўлга киритди. Унинг аҳоли турли қатламлари билан самарали иш юритиши, шунингдек “Аёллар дафтари” тизими доирасида амалга оширган ташаббуслари юқори баҳоланди.
Ғолиб энди Сирдарё вилояти босқичида Янгиер шарафини ҳимоя қилади. Тадбир якунида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатган бошқа иштирокчилар ҳам диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири